23:56 / 20.02.2018
9543

Баҳор ойларидан бирида Ўзбекистон Президентининг Озарбойжонга ташрифи кутилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг баҳор ойларида Озарбойжонга расмий ташриф билан бориши кутилмоқда. Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев 20 февраль куни Савдо-саноат палатаси ҳамда Халқаро Пресс-клуб ҳамкорлигида бўлиб ўтган мамлакатлараро бизнес-форумда шу ҳақида маълум қилди. 

Гулиевнинг сўзларига кўра, икки мамлакат раҳбарлари бир-бирларини яхши билишади, улар шу кунгача халқаро майдонларда кўришишга улгуришган. Элчи аниқ санани айтмаган бўлса-да, бу жорий йилнинг баҳор ойларидан бирида, эҳтимол май ойи охирида амалга ошиши мумкинлигини қайд этди. 

Фото: Халқаро Пресс-клуб

У ҳозирда икки томонлама ҳамкорлик ривожига тўсқинлик қиладиган ҳеч қандай омиллар йўқлигини, мамлакатлар ўртасида юқори даражали сиёсий мулоқот кузатилаётганини таъкидлади. Элчининг таъкидлашича, ташриф давомида муҳокама қилинадиган масалалар талайгина: нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликдан тортиб то қишлоқ хўжалик соҳасигача. 

Бундан ташқари, Гусейн Гулиев ҳам, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Адҳам Икрамов ҳам икки мамлакат ўртасидаги авиарейслар сони оширилишига ишора қилишган. 

Top