Жаҳон | 10:42 / 20.02.2018
8738
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Халқаро Олимпия қўмитасини “ўзига келтириб қўйишга” ваъда берди

Фото: РИА Новости / Сергей Гунеев

Беларусь президенти Александр Лукашенко Пёнгчангдаги Олимпиадада беларусиялик фристайлчи Антон Кушнир “адолатсиз баҳоланганидан” ғазабланишда давом этмоқда. Унинг фикрича, ҳакамлар “бош рақобатчини финалдан чиқариб ташлашга” қарор қилишган. Шу туфайли Лукашенко Халқаро Олимпия қўмитасини “ўзига келтириб қўйиш”га ваъда берди. 

18 февралда Беларусь президенти маҳаллий сайловлар вақтида Олимпиадада фристайл мусобақасида ҳакамлик қилган россиялик, швейцариялик ва хитойлик ҳакамларнинг қарорларини кескин танқид қилган ва уларни ўз ҳамюртлари фойдасига ҳакамлик қилишда айблаган. Лукашенконинг фикрича, ҳакамлар “бош рақобатчи” – Кушнирни мусобақадан чиқариб юборишга ҳаракат қилишган.

“Кушнир хатоларсиз сакрайди. Темир-бетон эркак. Улар у шунчаки финалчи эмас, балки яна Олимпиада чемпиони эканини тушунишган. Ва қарор қабул қилинган. Ким томонидан? Биринчи навбатда, ҳакамлар томонидан. Улар финалга ўз спортчиларини олиб чиқишди. Агар ақлли бўлганларида, спортчимизни жуда бўлмаса финалга қўйган бўлардилар. Бироқ улар билишарди: агар Антон финалга чиқса уларнинг спортчиларига нон қолмасди. Яна беларуслар аввалги Олимпиадагидек иккита олтин юта олишарди”, деб хуноб бўлган Лукашенко. 

Беларусь президенти ХОҚ президенти Томас Бах номига бу ҳолат бўйича ўз фикрларини билдирган мактуб йўллаган. Лукашенко Беларусь фойдасига бирор қарор чиқарилмаса, “уйқуда бўлган бу сиёсий салтанатни ўзига келтириб қўйишга” ваъда берган.

Антон Кушнир 2014 йилги Сочидаги Олимпиадада олтин медални қўлга киритганди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид