Жамият | 00:41 / 20.02.2018
24621
4 дақиқада ўқилади

Пойтахт вилояти туманидаги ижтимоий муаммолар қачон барҳам топади?

Тошкент вилояти Зангиота тумани Тарнов МФЙдан таҳририятимизга мурожаат қилишди. Улар маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган қатор муаммолар бир неча йиллардан буён кўплаб идораларга мурожаат қилинганига қарамай ҳал этилмаётганини таъкидлашди. 

Биз вазиятни ўрганиш мақсадида ушбу маҳаллага бориб, фуқаролар билан учрашдик. Охунбобоев кўчаси, 3-тор кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли қишнинг совуқ кунларида табиий газ босими пастлигидан шикоят қилишди. Таъбир жоиз бўлса, бу берилаётган газ йўқ бўлиб, йўқ эмас, чунки қувурда газ бор, аммо унда овқат қилиш у ёқда турсин, сув иситиш қозонини иситишнинг ўзи бир масала. Фуқароларнинг айтишларича, яқингинада MY5 телеканалидан келиб кетишгач, 2-3 кун табиий газ босими яхши бўлган, бироқ кейинчалик яна эски ҳаммом, эски тос, газ босими пасайиб кетган. Аҳоли табиий газ учун олдиндан тўлов тизими жорий қилинишига ҳам рози. Фақатгина етарли босимда газ бўлса бўлгани. 

Зангиота туман газдан фойдаланиш хизмати мутахассиси Алиев Музаффар ушбу ҳолат юзасидан тушунтиришлар берар экан, газ босимини етарли даражада таъминлаш борасида чоралар кўрилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда келаси йил қиш мавсуми, яъни 2018-2019 йилги мавсумдан бошлаб газ таъминотида узулишлар бўлмаслиги учун чоралар кўрилмоқда. Бизнинг аҳоли бу йилги қиш мавсумини қандай ўтказсин, қолаверса, 2017-2018 йилги қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ҳукумат қарори ҳар қачонгидан бир неча ой аввал қабул қилинган эди-ку?, деган саволимизга мутахассис тайинли жавоб бера олмади. 

Бундан ташқари,Тарнов МФЙ ва ушбу атрофда истиқомат қилувчиларни қийнаётган масалалар биргина табиий газ таъминоти билан боғлиқ эмас. Бу ерга ичимлик суви ҳам жадвал асосида берилиши жиддий қийинчиликлар келтириб чиқармоқда. Кўчаларнинг аҳволини гапирмаса ҳам бўлади.

Бир неча бор мурожаат қилинганига қарамай, айнан ушбу маҳалладан шаҳарга борувчи йўловчи автобуси қўйилмагани сабабли фуқароларнинг эрталабки вақтда шаҳарга бориши қийин бўлмоқда. Аҳолининг таъкидлашича, Козим Тўлаганов ҳоким бўлган вақтларда ваъда берилган, темир йўл переезди устидан қурилиши режалаштирилган кўприк ҳам ҳамон “қурилмоқда”. 

Переезднинг айрим вақтларда соатлаб ёпилиб қолиши (бунга, локомотив таркибининг манёвр қилиши сабаб эканини таъкидлашди) туфайли ушбу ҳудудда ёнғин юз берса, ўт ўчириш машинаси ёки бирор нохуш воқеа сабабли чақирилган тез тиббий ёрдам машинаси ўз вақтида кела олмайди. Хусусан, темир йўл переезди ёпилиб қолгани туфайли тез тиббий ёрдам машинасида кетаётган бемор ҳаётдан кўз юмган ҳолатлар ҳам бўлган. Афсуски, бу масала ҳам неча йиллардирки, ўзининг ижобий ечимини кутмоқда. 

Хуллас, Зангиота туманининг Тарнов томонларида ҳам мана шунақа гаплар. Ким билсин, KUN.UZ сайтида ушбу ёритилганидан кейин яна 2-3 кун газ босимини етарли даражада беришар, сўнгра яна пасайтиришар. Ичимлик суви, электр таъминоти узлуксизлиги, кўприк масаласи эътиборсиз ҳам қолиб кетар. Аммо бу муаммолар KUN.UZ таҳририяти эътиборидан четда қолмаслиги аниқ. Чунки, бу каби ижтимоий муаммолар биргина Тошкент вилояти ёки Зангиота туманида эмас, бутун респубика бўйлаб кун тартибида турибди. Шундай экан, муаммолар ўз ечимини топмас экан, биз уларга қайта-қайта мурожаат қилаверамиз.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид