Спорт | 19:34 / 20.02.2018
8526
4 дақиқада ўқилади

Велоспорт бўйича нуфузли турнирга мезбонлик Ўзбекистонга нима беради?

Хабар қилинганидек «2019 Asian Road & Para Cycling Championships» велоспорт-шоссе йўналиши бўйича катталар ва ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган Чемпионат 2019 йил март ойида тарихда илк бора Ўзбекистон Республикасида ўтказилади.

2018 йил 18 февралда Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Осиё Велоспорт Конфедерацияси (АСС) Конгресси ўз ишини бошлади. Конгресснинг биринчи кунида Менежмент қўмитасининг ёпиқ мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда 12 давлат Федерациялари раҳбарлари иштирок этишди. Йиғилишда Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси Осиё чемпионатини ўтказишга номзод сифатида киритилиб, ўз презентациясини тақдим этди. Чемпионатни ўтказишга даъвогарлар қаторида Хитой, Таиланд, Жанубий Корея ҳамда Эрон каби давлатлар бор эди. Конгресснинг иккинчи иш куни, яъни 19 февраль куни Осиё Велоспорт Конфедерацияси (АСС) очиқ йиғилишида 34 мамлакат делегатлари иштирокида ўтказилган  тадбирда Ўзбекистон Республикаси велоспорт-шоссе йўналиши бўйича катталар ва ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган «2019 Asian Road & Para Cycling Championships» чемпионати мезбони деб эълон қилинди.

Фото: Ўзбекистон велоспорт федерацияси матбуот хизмати

Шу ўринда Осиё Велоспорт Конфедерацияси (АСС) қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси пойтахти, Тошкент шаҳри навбатдаги Осиё Велоспорт Конфедерацияси (АСС) Конгресси ўтказиладиган шаҳар деб белгиланиб, Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси раиси биринчи ўринбосари К.Ўринбойхўжаев Осиё Велоспорт Конфедерацияси (АСС) вице-президенти лавозимига сайланди.

Фото: Ўзбекистон велоспорт федерацияси матбуот хизмати

«2019 Asian Road & Para Cycling Championships» велоспорт-шоссе йўналиши бўйича катталар ва ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган Чемпионатнинг 2019 йил март ойида Ўзбекистон Республикасида ўтказилиши 2020 йил Токио шахрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига қатнашишда терма жамоамиз учун муҳим бўлган рейтинг очколарни беради.

Халқаро велосипедчилар Иттифоқи (UCI) Президенти Давид Лапартьеннинг фикрига кўра велоспорт-шоссе йўналиши бўйича катталар ва ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган чемпионатнинг 2019 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши «Ўзбек велоспортини янада ривожлантиришга қўшимча бир туртки бўлиши билан бир қаторда келгусидаги ёзги Олимпия Ўйинларида муҳим рейтинг очколарни олишда зарур босқичдир». 

«Аввалам бор мен Ўзбекистон Республикаси халқини, шу қаторда ўзбек велоспортчиларини ушбу янгилик билан чин қалбимдан табриклайман. 2017 йил декабрь ойида юртингизда ўзим бошчилигимдаги халқаро делегация сафарида бўлганимда давлат раҳбарингиз ва ҳукуматингизни велоспортга кўрсатаётган эътибори, кўмаги ва амалий ёрдамидан жуда ҳам мамнун бўлгандим.

Шу ўринда бугун Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Хитой, Таиланд, Жанубий Корея хамда Эрон давлатлари орасидан Осиё чемпионатини ўтказиш хуқуқини қўлга киритиши ҳам қўшимча далилдир. Мен Ўзбекистонни яна бир бор табриклайман».

Маълумот учун, Велоспорт бўйича Осиё Чемпионати континентал мусобақа ҳисобланиб, 1963 йилдан буён ўтказилиб келинади. У ўз ичига шосссе ва трек йўналишларини киритади. Мазкур мусобақаларга фақат Осиё давлатлари велосипед спортчилари қатнашшиади, одатда 500 нафардан ортиқ спортчи 34 нафар давлатлар шарафини ҳимоя қилишади. Чемпионат Осиё велоспорт Конфедерацияси (ACC) томонидан ташкиллаштирилади.

Azamat Murodov
Тайёрлаган Azamat Murodov
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид