Ўзбекистон | 20:00 / 21.02.2018
126570
2 дақиқада ўқилади

«Аҳмадбой» домига тушганлар пулини қайтариб оладими?

Фото: KUN.UZ

Бугун, 21 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган судланувчи Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди.

Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 188-моддаси (ноқонуний тадбиркорлик фаолияти), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш), 25 орқали 211-моддаси (пора беришга суиқасд қилиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланган судланувчиларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот котиби Азиз Обидовнинг айтишича, ҳукм чиқаришда судланувчиларнинг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда ёрдам берганликлари алоҳида эътиборга олинган.

«Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари фаолиятидан зиён кўрган жабрланувчилар билан тергов қисми ҳали давом этмоқда. Тергов жараёнида жиноят таркиби аниқланиши билан суд иши қайтадан бошланади», дейди у.

Маълум қилинишича, суд томонидан юқорида кўзда тутилган жиноятлар туфайли етказилган моддий зарарни қоплаш масаласи бошқа жиноят ишларини ҳам тергов натижаларига қараб ҳал қилиниши кўрсатиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, суд мажлисида 7 нафар судланувчи ЎзР ЖКнинг тегишли моддалари бўйича айбдор деб топилди ва Аҳмаджон Турсунбоевга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 13 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ЭКИҲ 400 баравари миқдорида, яъни 52 миллион 96 минг сўмга тенг жарима ҳам ундирилиши айтилди. Лекин унга нисбатан амнистия қўлланиб, жазо муддатининг тўртдан бир қисми қисқартирилди.

 

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид