Жаҳон | 16:40 / 25.02.2018
11726
2 дақиқада ўқилади

КХДР АҚШнинг исталган кўринишдаги блокадасини уруш акти сифатида қабул қилади

Расмий Пхеньян АҚШ томонидан КХДР билан муносабатлардаги исталган блокадани уруш акти сифатида баҳолайди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги Шимолий Корея ТИВ баёнотига асосланган ҳолда хабар бермоқда.

АҚШ 23 февраль куни Шимолий Кореянинг ядровий ва баллистик дастурига қарши санкциялар доирасида  энг йирик санкциялар пакетини жорий қилганди.

Унга кўра, Шимолий Кореянинг 27 ташкилоти, 28 кемаси ва бир жисмоний шахси (жами 56 пункт) санкцияларга учради. Янги чекловлар пакети КХДРнинг ёнилғи етказиш ва нақд пул кўрсаткичларига зарба беради. КХДРнинг бу ташкилотлари ва кемалари турли ҳудудларда жойлашган - Шимолий Корея, Хитой, Сингапур, Тайван, Ҳонконг, Маршал ороллари, Танзания, Панама ва Комора шулар жумласидандир.

«Бизга қарши исталган блокада уруш акти сифатида қаралади», дейилган КХДР ТИВ баёнотида.

«АҚШнинг узоқни ўйлаб қилмаган бу ҳаракати Корея ярим оролини уруш ёқасига келтиради. Бу ҳолда юз берадиган ҳар қандай ҳалокатлар АҚШнинг виждонига ҳавола», дея қайд этилган баёнотда.

Бундан аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп «агар КХДРга қарши санкциялар самара бермаса, АҚШ «иккинчи фазага ўтиши» ва бу ўта ҳалокатли оқибатларга эга бўлиб бутун дунё учун қайғу келтириши» ҳақида маълум қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид