Жамият | 20:30 / 27.02.2018
82804
6 дақиқада ўқилади

Давлат раҳбари ислоҳотига турли ёндашув: қорамолми, пахтами? (видеорепортаж)

“Агар ўз вақтида чора кўрилмаса, чорва молларимиз апрель-май ойидан бошлаб “рўза” тутади. Ҳокимиятдан келиб, ер ислоҳотини важ қилган ҳолда, 3-5 йиллик беда майдонларимизни додимизга ҳам қарамай бузиб ташлашди. Хориждан келтирилган қорамолларга жайдари моллардек қаралмайди, ахир. Улар бир кунда тонналаб емиш ейди”, - дейди шаҳрисабзлик фермерлар. 

Бугунги кунда Шаҳрисабз туманида чорвадорлик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари аксариятининг боши қотган. Гап шундаки, уларнинг беда майдонлари туман ҳокимлиги томонидан бузиб ташланмоқда. Бўшаган ерларга ҳокимлик пахта экилишини айтмоқда. Чорва фермерларига эса, ўзларидан бир неча 10 км узоқликдаги сув чиқмайдиган ёки лалми ерлар таклиф этилмоқда. Ёки умуман бошқа туманда чорвачилигини давом эттиришини тавсия қилишмоқда. KUN.UZ мухбири Қашқадарё вилоятига хизмат сафари чоғида таҳририятга мурожаат қилган шаҳрисабзлик фермерлар билан учрашиб, муаммони ўрганишга ҳаракат қилди. 

Фото: Kun.uz

Фермерларнинг айтишларича, “агар ўз вақтида чора кўрилмаса, чорва моллари апрель-май ойидан бошлаб “рўза” тутади. Ҳокимиятдагилар ер ислоҳотини важ қилган ҳолда, 3-5 йиллик беда майдонларини бузиб ташлаган”. Уларнинг таъкидлашича, хориждан келтирилган қорамоллар жайдари молларга ўхшамайди, уларнинг ем-хашаги, кунлик рациони турлича бўлади. Улар бир кунда тонналаб емиш ейди. Қолаверса, аксарияти наслчилик, сут етказиб беришга ихтисослаштирилгани сабабли бир кунда 1,5 тоннагача сут етказиб берувчилари ҳам бор. Бундан ташқари, нафақат туман ва вилоят, балки Тошкент бозорларига ҳам сифатли гўшт етказиб берилмоқда. 

Фермерларнинг бири ўтган йили аҳолига 55 бош зотдор бузоқ сотган бўлса, бошқа бири 28 бош сотган. Бизга мурожаат қилган фермерларда 200 га яқин ишчи доимий иш билан таъминланган бўлса, мавсумий иш билан ҳам 100 га яқин ишчи таъминланади. Эндиликда, беда майдонлари бузилганидан сўнг, чорвадорлар нима қилишларини билмай бошлари қотган. Уларнинг дардини ҳеч ким эшитмаяпти. Чунки, ўтган йилги ёз-куз мавсумида жамғарилган ем-хашак, уларга кўра, апрель ойи охирлари-май ойи бошларида тугайди. Бунгача, улар беда майдонларидан биринчи ўримни йиғиб олишлари керак эди. 

Биз чорвадорларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганганимиздан сўнг, туман ҳокими Холбобо Бозоров билан учрашдик. 

Фото: Холбобо Бозоров/Kun.uz

Х.Бозоровнинг сўзларига кўра, туманнинг аввалги мутасаддилари даврида аксар чорвадор фермерларга юқори бонитетли ер майдонлари “паст” деб баҳоланган ҳолда берилган. Аслида юқори бонитетли ерларга пахта ва бошқа экспорт экинлар экилиши керак. Шу боис, беда майдонлари бузилаётган чорвадор фермерларга туманнинг бошқа ҳудудларидан ер майдонлари таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, айримлар фермерлар чорвачилик бўйича ҳужжатга эга бўлса-да, бирорта ҳам чорва моли бўлмаган, текширув келишидан хабар топишса, қўни-қўшнидан керакли қорамол сони йиғилиб, комиссиянинг кўзи шамғалат қилишган.

Албатта, Холбобо Бозоровнинг сўзларида жон бор. Мен бу масалани ХПКда бўлган сессиядан кейин ёзган мақоламда ҳам эслаб ўтганман.

Чорваси йўқ фермерлар ерларига беда экиб, давлатга ёки халқ дастурхонига бирор нарса етказиб бермай, турли юқори давлат идораларидаги таниш-билишлари соясида ем-хашакни пуллаш билан овора бўлгани ҳам факт. Ахир айни кунда Шаҳрисабз туманида сотилаётган беданинг бир боғлами 17-20 минг сўм бўлса, сомон боғлами 10-12 минг сўм. Чорваси йўқ "фермер" учун бу айни муддао. Нақд даромад манбаи. Бошини оғритмай, жисмини ҳоритмай пул ишлаш дегани шу эмасми, аслида? Шунга кўра, ер ислоҳотини ўтказиш керак, бу шарт. Шу каби фермерлардан ерлари олиб қўйилса ва бошқа юраги ёниб турганларга берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Фото: Kun.uz

Аммо “ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади” қабилида иш тутиш қанчалик тўғри? Ишламаётган фермерлар билан бирга сидқидилдан фаолият юритаётган, чорвачилик ривожига озми-кўпми ҳисса қўшаётганлар ҳам жабр кўриши қанчалик Адолатли? Давлат раҳбари ҳар бир чиқишида Адолат бош мезон бўлиши кераклигини уқдираётган, барчани шунга ундаётган вақтда “салла дейилса, каллани олиш” айни Адолат мезонига қанчалик мос келади? Жилла қурса, ишлаётган, чорваси бор, натижа кўрсатган фермерларни боридан маҳрум қилмаслик, уларнинг ишлаш имконини сақлаб қолиш керакмасмиди? Менимча, юқоридан “беда майдонлари бузилсин” дейилган оғзаки буйруқ бўлган тақдирда ҳам барчаси ёппасига бузилиши назарда тутилмаган. 

Бизнингча, ҳали ҳам кеч эмас. Ишлаб, натижа кўрсатаётган фермерларга ўзларига яқин бўлган жойдан ем-хашак етиштиришлари учун ер майдонлари зудлик билан ажратилса, сули, жавдар, арпа каби тез ўсувчи донлар экилса, ем-хашак танқислигини бир амаллаб енгса бўлади. Акс ҳолда, бир неча юзлаб қорамолни таннархидан 2 баробар арзонга сотишга тўғри келади. Ўшанда ҳам харидор топилса?

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид