Спорт | 23:10 / 02.03.2018
20307
3 дақиқада ўқилади

ЎФА талабини бажармаган «Қўқон-1912» Суперлигадан четлатиладими?

Фото: kokand1912.uz

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Суперлига мавсуми стартигача ўз инфратузилмасини тайёр ҳолатга келтирмаган, хусусан стадионини таъмирламаган клубларнинг чемпионатдан четлатилишини эълон қилган эди.

Чемпионат тақвими тасдиқланган бўлишига қарамай, ЎФА 2 март куни Бекободда ўтказилиши лозим бўлган «Металлург» - «Навбаҳор» ўйинини 4 мартга кўчирди. Бу ҳақда «Металлург» раҳбарияти ЎФАга мурожаат қилиб, бекободлик мухлисларнинг якшанба куни яхши ҳордиқ чиқаришини таъминлашни ва стадионни таъмирлаш ишларини тугатишни мақсад қилганини айтган эди. Бундан шу нарса маълум бўладики, ЎФА ходимлари таъмирдан чиқмаган стадионни мавсумга шай деб қабул қилишган. Ваҳоланки, агар стадион тайёр бўлмаса, «Металлург» Суперлигадан четлатилиши лозим эди.

Машмаша бу билан тугамади. Бугун, 2 март куни Суперлиганинг яна бир иштирокчиси - «Қўқон-1912» клубининг стадиони ҳам мавсумга тайёр эмаслиги аниқланди.

«Қўқон-1912» мухлислар клуби ижтимоий тармоқлар орқали ЎФА ва ПФЛга мурожаатнома йўллаб, стадионнинг тайёр эмаслигини ошкор қилиб қўйишди.

«Хурматли ЎФА ва ПФЛ мутасаддилари! 

ЎФА ташаббуси билан «Қўқон-1912» стадиони янги қиёфага кираётганлиги минглаб қўқонликларни хушнуд этаяпти. Афсуски, стадионимиздаги қурилиш ишлари «Қизилқум» билан ўйинда 8000 нафар мухлисни тўлиқ стадионга киришига тўсиқ бўлаяпти. Қўқон футбол ватани, шу муносабат билан ПФЛ клуб раҳбариятининг «Қизилқум» билан Қўқонда бўлиб ўтиши керак бўлган учрашувини Навоийга кўчириш таклифини ўрганиб чиқиб, уни қўқонлик мухлислар фойдасига ҳал қилса. 31 март куни булиб ўтадиган тур ўйинида янгиланган стадионимизни очилиш маросимини ҳақиқий байрам тарзида ўтказсак» - дейилади мурожаатда.

Мурожаатдан қуйидаги нарсалар аниқ бўлади:
1. «Қўқон-1912» раҳбарияти 10 март кунига белгиланган 2-тур доирасидаги «Қизилқум»га қарши ўйинни Қўқонда эмас, Навоийда ўтказиш таклифини берган.
2. Бунга сабаб сифатида, Қўқондаги стадионда таъмирлаш ишларини тугатилмагани кўрсатилган. Қўқонликлар уни 31 март кунигача якунлашга умид қилмоқдалар.

Хулоса чиқарадиган бўлсак, «Қўқон-1912» клубига Муборакнинг «Машъал» ва Қувасойнинг «Цементчи» клубларига ўхшаб, Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқини бермаслик керак эди. Чунки, клубнинг уй стадиони янги мавсумга тайёр ҳолатда эмас.

Сардор Юсупов

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид