Фалсафа шундаки, инсон бундай воқеалар ўз бошига келишини кутиб яшамасин, доим шундай яшасинки, ўша кичик яхшиликларнинг бирида Худонинг розилиги ётади. Йўлдан ўтказиб қўйилган чоллардан бири Ҳизр бўлади.

Ўн икки йил олдин, ЖЧ-2010 саралаш ўйинлари плей-оффда Франция ва Ирландия тўқнаш келган ва дастлабки ўйинда французлар 1:0 ҳисобида сафарда ғалаба қозонганди. Жавоб ўйинида ирландлар ҳисобни очишди ва шу билан қўшимча бўлимларгача ҳисоб сақланиб турди.

103-дақиқада Тьерри Анри рақиб жарима майдони ичида тўпни қўли билан тўхтатди ва очиқ дарвоза қаршисида турган Галласга узатди. Ҳакам қоида бузилишини кўрмай қолди ва ҳисоб тенглашди. Ўйиндан кейин Анри қоида бузганини тан олган бўлса-да, барча саволлар ҳакамларга берилиши кераклигини айтганди.

Бир томондан бутун дунёнинг нафратини қозониб бўлса-да, миллий жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиққан футболчини мақташ ҳам мумкиндек, лекин менга ўша ўйинни шарҳлаган Владимир Маслаченконинг фикрлари ёққанди: «Анри, эй худойим... Бор, ҳакамнинг олдига, унга қоида бузганингни тан ол, футболга севги изҳор қил! Футбол тарихидаги энг олижаноб шахслардан бири бўлиб тарихга кир!...»

Билмадим, бир шахснинг тарихга кириш муҳимми, ёки ватаннинг ғалаба қозониши, билмадим, футбол каттами ёки ғалаба? Инсонларга муваффақият тарқатиш яхшироқми ёки улуғвор қадриятлар? Катта дилемма, тўғрими?

Паоло Ди Канио деган италиялик ҳужумчи бўлган. Баъзилар уни голларни фашистларга хос тарзда нишонлашни хуш кўрадиган жанжалкаш, зиддиятли футболчи сифатида эслашади. Аммо унинг яна бир ҳаракати ҳамманинг ёдида қолган.

20 йил олдин. «Эвертон» – «Вест Ҳэм» учрашувининг сўнгги дақиқалари. Ҳисоб 1:1. Меҳмонлар ҳужумчиси Фредерик Кануте дарвозабон Пол Жерард билан тўқнашиб кетди. Қоида бузилмаган, аммо Пол нотўғри йиқилиб, жароҳат олди. Ўйин эса, давом этарди. Тўп қанотдан яна жарима майдонига, «Вест Ҳэм»нинг бошқа ҳужумчиси Паоло Ди Каниога етказилди. Ўшанда Паоло бўш қолган дарвозани ишғол қилиш ўрнига, у тўпни қўли билан ушлаб, ўйинни тўхтатди.  

Учинчи ўрнак. 1950-60 йиллардаги «Спартак» (Москва) клуби сардори, Собиқ Иттифоқ терма жамоасининг етакчи ўйинчиси Игорь Нетто ҳам тарихга кирган. Чилида ўтган 1962 йилги жаҳон чемпионатидаги унинг жасоратини унгача ҳам, ундан кейин ҳам ҳеч ким такрорлай олмади.