Спорт | 11:57 / 07.01.2024
16896
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик 3 нафар ҳакам футболдан умрбод четлатилди. Улар «Қўқон-1912»га сотилган

ЎФА Этика қўмитасининг қарори билан ўзбекистонлик яна уч ҳакам келишилган ўйинларда иштирок этгани учун футболдан умрбод четлатилди.

Фото: Қўқон-1912

«Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекцияси томонидан тақдим этилган ЎзФҲМ ҳакамлари Хусан Музаффаров, Обид Жумаев ва Жасур Рустамов ҳамда «Қўқон-1912» футбол клуби спорт директори Шуҳрат Мўминовнинг келишилган ўйинларда иштирок этганлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

Қўмита томонидан кун тартибидаги масалани ўрганиш давомида аниқланишича, 2023 йил 22 март куни Пролига доирасида бўлиб ўтган «Қўқон-1912» – «Машъал» футбол клублари ўртасидаги учрашувдан олдин «Қўқон-1912» футбол клуби вакили Шуҳрат Мўминов Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳаками Ҳусан Музаффаровга «Қўқон-1912» футбол клуби фойдасига ҳакамлик қилишини сўраб мурожаат қилган ҳамда эвазига пул маблағи таклиф қилган. Учрашув бош ҳаками Хусан Музаффаров ушбу таклифга рози бўлган ва ўйин «Қўқон-1912» футбол клуби фойдасига якунланган.

Шунингдек, 2023 йил 18 июнь санасида Пролига доирасида бўлиб ўтган «Орол» – «Қўқон-1912» футбол клублари ўртасидаги учрашув олдидан «Қўқон-1912» клуби вакили Шуҳрат Мўминов ўйин ҳакамлари Хусан Музаффаров, Обид Жумаев ва Жасур Рустамовларга учрашувни «Қўқон-1912» клуби фойдасига ҳал бўлиши учун моддий манфаат таклиф этган. Учрашув бош ҳаками Хусан Музаффаров мазкур таклифга рози бўлган ҳамда пул маблағларини ёрдамчи ҳакамлар Обид Жумаев ва Жасур Рустамов билан ўзаро бўлиб олганлар.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитаси мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳакамлари Хусан Музаффаров, Обид Жумаев ва Жасур Рустамовни ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларини бузган деб топди. Уларга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш ҳамда жарима интизомий жазо чоралари қўлланилди», - дейилади ЎФА хабарида.

Шунингдек, «Қўқон-1912» футбол клуби спорт директори Шуҳрат Мўминов ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларига асосан айбдор деб топилиб, унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси келишилган ўйинларни аниқлаш бўйича ФИФА, ОФК, «Спортрадар» ва бошқа тегишли ташкилотлар билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб келаётганлигини маълум қилади. Ўз навбатида, келгусида аниқланадиган ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантиради.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда «Қўқон-1912» клубини бошқариб келаётган Муҳсин Низомиддинов 2023 йилги мавсум доирасидаги «Динамо»га қарши ўйиндан (3:3) кейин Самарқанд жамоаси ҳакамлар ёрдами билан ғалаба қозонаётгани ҳақида гапирган эди. Аммо унинг сўзлари асоссиз бўлиб чиққач, мураббий жаримага тортилганди. Эътиборлиси, «Қўқон-1912» жамоаси айнан ушбу ўйин олдидан ҳакамларга пул тўлагани ойдинлашди.

Мавзуга оид