Жаҳон | 09:26 / 03.03.2018
4062
2 дақиқада ўқилади

Буркина-Фасода Франция элчихонаси ва мамлакат бош штаби ҳужумга учради

Фото: AFP 2018 / Ahmed Ouoba

2 март куни эрталаб Франциянинг Буркина-Фасо пойтахти Уагадугудаги элчихонаси ва мамлакат бош штабига қуролли ҳужум амалга оширилди. 

ОАВ маълумотларига кўра, ниқобларда бўлган қуролланган кишилар бош штаб қўриқчиларига ҳужум қилишган. Шунингдек, Франция элчихонаси жойлашган ҳудудда ҳам отишма ва портлаш овозлари эшитилган. 

Уагадугу мэри Арман Беуинде ҳужумни теракт деб атаган ва ундан мақсад Франция элчихонаси ва бош штаб бўлганини тасдиқлаган.

“Гап теракт ҳақида кетмоқда. 10 га яқин жангари Франция элчихонаси ва бош штабга ҳужум қилди”, деб айтган Беуинде. 

“Франс Пресс”  ахборот агентлиги хавфсизлик соҳасидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда бош штабга ҳужум оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Бироқ Буркина-Фасонинг ахборот вазири Реми Данжину бу хабарни рад этган.

“Дастлабки маълумотлар шундай: 8 жангари йўқ қилинган (4 нафари элчихона олдида ва 4 нафари бош штаб олдида), хавфсизлик хизмати ходимлари ва ҳарбийлардан 7 киши ҳалок бўлган”, деб маълум қилган Данжину.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ушбу ҳужумларни қоралаган ва Буркина-Фасога ўз эмиссарини юборганини маълум қилган. 

Гутерриш БМТ Буркина-Фасодаги вазият ортидан синчковлик билан кузатаётгани ва у бу ҳақда мамлакат президенти Рок Марк Кристиан Каборе билан мулоқот қилганини айтган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид