15:50 / 03.03.2018
19107

Супер тўқнашувлар ҳафтаси

Европанинг кучли бешлик чемпионатларида ва Россияда ҳафтанинг сўнгги кунлари ажойиб тўқнашувлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Tribuna.Uz анъанавий равишда энг муҳим учрашувларга батафсил тўхталиб ўтади.

РБ ЛЕЙПЦИГ - БОРУССИЯ ДОРТМУНД (3 март, 22:30)
Бугун Германияда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун кураш йўлидаги муҳим ўйинлардан бири бўлиб ўтади. Ҳар икки жамоа мавсумни ЕЧЛда бошлашди, лекин гуруҳ ўйинлари улар учун омадсиз кечди ва ҳар икки клуб ҳам курашни Европа Лигасида давом эттиришмоқда.

Ўтган йилнинг охирларида жуда ёмон ўтказган дортмундликлар 2018 йилни яхши бошлашди ва ҳали бундеслигада мағлубиятга учраганлари йўқ. Аммо жамоанинг дуранглар билан ўралашиб қолгани ҳам бор гап: сўнгги 7 ўйиннинг 4 тасида «Боруссия» бир очко билан кифояланишга мажбур бўлди. Шундай бўлса-да, юқори ўринлардаги рақобатчиларнинг янада муваффақиятсиз ўйинлари «Боруссия»га қўл келди ва жамоа 41 очко билан иккинчи ўринга кўтарилиб олди. 

Мисол учун, «Лейпциг» бундеслигадаги охирги икки ўйинда мағлубиятга учради. Айниқса, турнир жадвалида сўнгги поғонани эгаллаб турган «Кёльн»дан ўз майдонидаги мағлубият жамоа учун жуда ёмон натижадир. «Лейпциг» ҳозирда 38 очко билан 6-поғонани эгаллаб турибди. Демак бу ўйиндаги ғалаба мезбонларга очколар бўйича рақибига етиб олиш имконини беради. 

«Ред Булл Арена»да жамоалар атиги бир маротаба кўч синашишган ва ўша ўйинда мезбонлар 1:0 ҳисобида устун келишганди. Ушбу мавсум доирасида Дортмундда, октябрь ойида бўлиб ўтган ўйин эса жуда воқеаларга бой ва кескин кечган. Мухлислар икки қизил карточка ва икки пенальти гувоҳи бўлган мазкур учрашувда «Лейпциг» 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. 

ЛАЦИО - ЮВЕНТУС (3 март, 22:00)
Ҳар ҳафта шу гапни такрорлашга мажбур бўлмоқдамиз — кучли бешликда чемпионлик интригаси энг қизғин кечаётган А Серияда «Наполи» ҳам, «Ювентус» ҳам қоқилиш ҳақида ўйлашмаяпти ва ўртадаги бир очколик фарқ ҳамон сақланиб турибди. «Ювентус» чемпионатда қаторасига 11 учрашувда ғалаба қозонди, лекин бундай ажойиб серия «Наполи» билан ўртадаги фарқни ҳеч бўлмаса бир очкога қисқартира олмади. Зеро «Наполи» ҳам худди шундай серияни амалга оширишнинг уддасидан чиқмоқда. 

Ўтган турда ноқулай об-ҳаво туфайли майдонга туша олмаган «Ювентус»ни бу сафар оғир сафар кутиб турибди.

Аслида «Лацио» туринликлар учун у қадар ноқулай ҳам эмасди, шу мавсумгача «Ювентус» «Лацио»ни қаторасига 7 ўйинда мағлубиятга учратган, беш йил олдин бўлиб ўтган Италия кубоги ярим финалидаги ғалаба «Лацио» учун охиргиси бўлиб келаётганди. Аммо сўнгги ўйинларда римликлар «Ювентус» билан ўйнашни ўрганиб олишди. Аввалига Италия суперкубогида «Лацио»нинг қўли баланд келди. Октябрь ойида Туринда бўлиб ўтган чемпионат ўйинидаги драматик ҳолат эса, ҳамманинг ёдида бўлса керак. Меҳмонлар 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олган, ўйиннинг сўнгги дақиқасида ҳакам «Лацио» дарвозасига пенальти белгилаганди. Дибаланинг зарбасини дарвозабон қайтарди ва ўшанда «Ювентус» мавсумдаги илк мағлубиятини тотиб кўрганди.

«Лацио»га ҳам очко жуда керак, жамоа «Интер» ва «Рома» билан биргаликда чемпионлар лигаси йўлланмаси учун жиддий кураш олиб бормоқда. 

«Ювентус» таркибида Игуаин, Бернардерски ва Куадрадо каби етачиларнинг майдонга қайтишлари сўроқ остида турибди. Туринликлар келаси ҳафтада ЕЧЛда «Тоттенҳэм» билан ўта муҳим ўйинда майдонга тушишларига эътибор берсак, Аллегри олдида бу футболчилардан тўлиқ фойдаланиш ёки еврокубок баҳсида яхшироқ формага киришларини кутиш дилеммаси турибди. Айтиш мумкинки, «Ювентус»нинг бир ҳафта ичида ҳар икки йирик турнирдаги аҳволи катта хавф остида турибди. 

НАПОЛИ - РОМА (3 мартдан 4 мартга ўтар кечаси, 00:45)
«Ювентус»нинг рақиби ҳам бу турдаги очколарини ҳали чўнтагига солгани йўқ. Юқорида айтилганидек, «Рома» ҳамшаҳарлари билан ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда.

Ўтган турда кутилмаганда «Милан»га имкониятни бой бериб қўйган «Рома»нинг бу сафар очко йўқотишга ҳаққи йўқ.

«Наполи» эса, кўпчилик кутганидек, Европа Лигаси каби оёғига тош бўлаётган турнирдан тезда қутулиб олди. Тахмин қилиш қийин эмаски, Сарри энди бор эътиборини Скудеттога қаратади. 1990 йилдан буён бу мусобақада ғолиб чиқа олмаган «Наполи» ўтган йилги хатоларини такрорламоқчи эмаслиги ва барқарорликда кимсан «Ювентус» билан беллаша олаётгани таҳсинга сазовор. 

Ўзаро ўйинлар борасида мутлақо тенгликни кузатишимиз мумкин. Жамоалар ўртасидаги сўнгги 17 ўйиннинг 8 тасида «Наполи», 7 тасида «Рома»нинг қўли баланд келган. Қизиғи, сўнгги уч ўйинда меҳмон жамоа ғалаба қозонганига ҳам эътибор бериш керак. 

Таркиб жиҳатидан «Рома»да муаммо йўқ. «Наполи»да эса, апрелгача сафдан чиққан етакчи ҳимоячи Файзи Ғуломдан ташқари, Марек Ҳамшикнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Словакиялик яримҳимоячи шамоллаб қолди ва жамоанинг сўнгги машғулотларини ўтказиб юборди. 

РЕАЛ - ХЕТАФЕ (3 мартдан 4 мартга ўтар кечаси, 00:45)
Ўйин дерби мақомида бўлса-да, «Хетафе» ҳеч қачон «Реал»га муносиб рақиб бўла олмаган, статистикага қарасак ҳам, жамоалар ўртасидаги сўнгги 13 ўйиндаги атиги бир маротаба «Реал» мағлубиятга учраган холос. Аммо эътироф этиш керакки, бир йил Сегундада ўйнаб келган «Хетафе»нинг бу сафарги қайтиши анча барқарор кечмоқда ва доимо лигадаги ўрни учун қайғурадиган жамоа 26 турдан кейин тўплар нисбати бўйича ҳам, ғалабалар нисбати бўйича ҳам мусбат фарққа эга бўлиб турибди. «Хетафе» 36 очко билан кучли ўнликда бормоқда ва еврокубок ўринларидан атиги 5 очко ортда бормоқда, холос.

«Хетафе» сўнгги 10 ўйинда атиги 2 маротаба мағлубиятга учради, у ҳам бўлса «Атлетико» ва «Вильяреал» билан сафар ўйинларида. Ҳатто «Камп Ноу»даги дуранг ҳам мадридликларнинг ҳимояда тартибли ўйнай олишларини кўрсатмоқда. Яна бир факт, «Хетафе» гол ўтказиш бўйича Ла-Лигада 3-ўринда (22) боряпти — фақат «Барселона» ва «Атлетико» камроқ гол ўтказган холос.  

Таркибда Марсело, Кроос, Модрич каби етакчиларнинг тушиши сўроқ остида бўлган ва ҳужумчилар беқарорлиги туфайли Зидан Гарет Бэйлни ҳам марказий ҳужумда синаб кўриб, экпериментлар ўтказишга мажбур бўлиб қолаётган бир пайтда, «Хетафе»ни «чақиш» мезбонларга осон бўлмаслиги мумкин. 

Бошқа тарафдан, Зидан чемпионлик учун кураш давом этаётганини такрорлаётган бўлса-да, бор эътиборини уч кундан кейин бўлиб ўтадиган Париж сафарига қаратиши ва бу ўйинда ҳам турли ротацияларга йўл очиши мумкин. Хуллас, бу ўйин «Реал» учун осон ва оддий кечмаслиги ҳақиқатга яқинроқ.  

ЛОКОМОТИВ - СПАРТАК (4 март, 18:30)
Ниҳоят Россия чемпионатининг баҳорги мавсумига старт берилмоқда ва чемпионлик учун асосий даъвогар бўлган «Локомотив» ўз майдонида асосий рақибини қабул қилади. 

«Темирйўлчилар» асосий таъқибчилар бўлмиш «Спартак» ва «Зенит»ни 8 очко ортда қолдирмоқда ва мавсум тугашига 10 тур бор. Бу ўйиндаги ғалаба ўртадаги фарқни сақлаб қолишга ва мезбонларнинг кейинги турларни ҳам кўтаринки руҳда ўтказишларига замин яратса, аксинча, мағлубият чемпионлик интригасини қайтадан уйғотиши мумкин. 

Ҳар икки жамоа учун бу ўйин танаффусдан кейинги илк расмий ўйин эмас. «Спартак» ҳам, «Локомотив» ҳам Европа Лигасида ўз ўйинларини ўтказишда. «Локомотив» «Ницца»ни икки ўйинда мағлубиятга учратган бўлса, «Спартак» «Атлетик» қаршилигини енга олмади. 

«Ницца»га қарши дастлабки ўйинда майдонга тушган ўзбекистонлик Виталий Денисов рақибнинг ёш ҳужумчиси Санти Максимен билан дуэлда ўта муваффақиятсиз ҳаракат қилган ва унинг хатолари билан французлар голлар уришганди. Денисов биринчи таймдаёқ алмаштирилди ва жавоб ўйинида майдонга туширилмади. Балки бу мураббийнинг айнан рақибга мослаб танланган қарори бўлиши мумкин. Албатта, «Спартак»ка қарши ўйинда Денисовни кутиб қоламиз. 

Жамоаларнинг августда бўлиб ўтган ўйини жуда қизиқарли кечганини эслатиш керак. Дастлабки дақиқаларда 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган «Спартак» Самедовнинг қизил карточкасидан сўнг қийин аҳволга тушиб қолган ва 4 та гол ўтказиб юборганди. Ўйин «Локомотив»нинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган.

БАРСЕЛОНА - АТЛЕТИКО (4 март, 20:15)
«Барселона» мухлислари «Реал» билан ўртадаги фарқнинг катталашиб бораётганини ҳисоблаб юравериб, ортдан «Атлетико»нинг яқинлашиб қолганини сезмай қолди чоғи. Натижада, сўнгги 10 ўйинда қаторасига ғалаба қозонган Симеоне шогирдлари «Барселона» билан фарқни беш очкогача қисқартириб олишди. 

Бу ўйин мадридликлар учун айни муддао бўлган пайтда ўтказиляптими ёки «Барселона» учун фарқни янада ошириб, «туғилаётган» интригага барҳам бериш имкониятими, ҳозир айтиш қийин. Зеро Вальверде шогирдлари у қадар ишончли кўринишмаяпти — сўнгги саккиз ўйиндан бери ғалабалар дуранглар билан алмашиб турибди, қаторасига икки ўйинда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқилмаяпти. «Атлетико» эса, аксинча, юқорида айтилганидек, жуда яхши формага кириб олди. Жамоа етакчи ҳужумчиси Антуан Гризманн мавсум бошида жуда кўп танқидларга учраган бўлса, ҳозир кетма-кет голлар уришда давом этмоқда. Айниқса, ҳужумчининг сўнгги ўйинидаги покеридан сўнг, Сересо Гризманнинг «Барселона» дарвозасига ҳам бир нечта гол уриши мумкинлини ҳақида айтиб юборди.

Шундай бўлса-да, «Атлетико» орадаги фарқни янада қисқартириш учун бор-йўғи билан олдинга ташланишини кутиш ноўрин. Аксинча, энг муҳим паллада ўртадаги фарқнинг янада ошиб кетмаслиги Симеоне учун муҳим бўлса керак. Сабаби, «Атлетико» исталган пайтда тарк этиши мумкин бўлган Европа Лигасида ўйнамоқда. «Барселона» эса Европа Чемпионлар Лигасига ҳам кўпроқ эътибор қаратишга мажбур бўлиб қолади. «Атлетико» ўзаро ўйинда эмас, айнан бошқа ўйинлардаги барқарорлик эвазига рақибига босим ўтказиши осонроқдек кўринмоқда. Яъни, жамоаларнинг «Камп Ноу»даги сўнгги 2 ўйинида қайд этилган ҳисоб (1:1) мадридликлар учун жуда ҳам яхши ҳисоб сифатида қабул қилиниши ҳақиқатга яқинроқ.

Икки кун муқаддам Ла-Лигада навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтди. «Атлетико» рақибига нисбатан бир кун олдин майдонга тушгани эртанги муҳим ўйин олдидан қўшимча устунлик яратиши ҳам бор гап. 
 
МАНЧЕСТЕР СИТИ - ЧЕЛСИ (4 март, 21:00) 
«Яна беш ўйинда ғалаба қозонсак, чемпион бўламиз», — деди Пеп Гвардиола. Испаниялик мураббийнинг ички чемпионатда барчасини ҳал қилишга шошилаётганини тушунса бўлади. ЕЧЛда нимчорак финални дастлабки ўйинда ҳал қилган ва Англия Лига кубогини музейига жойлашга улгурган «Манчестер Сити» баҳорда бутун диққатини Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишга қаратиши мантиқан тўғри. «Челси» эса, бир шеърда айтилганидек - «унинг айби бўрининг оч бўлиб қолганида қаршисига чиққанидир».

«Барселона» билан ўйинда ҳам, ўтган турда «Олд Траффорд»да ҳам Виллианнинг голи «Челси»ни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса-да, ғалаба ушлаб қолинмади. Натижада, айниқса, АПЛдаги ҳолат янада чигаллашди. Энди «Челси» лигада бешинчи ўринга тушиб кетди. Бу турда «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» ўз майдонида мос равишда «Ньюкасл» ва «Ҳаддерсфилд»ни қабул қилишса, «Манчестер Юнайтед»га «Кристал Пэлас» рақиб бўлади. Яъни «Челси» бу сафар ҳам очко йўқотса, кучли тўртлик курашидаги асосий рақобатчиларидан янаям орқада қолиб кетиши мумкин. Демак, қандай шароитда ва қайси стадионда ўйин бўлаётганидан қатъи назар «Челси» ҳам ғалаба учун майдонга тушишга мажбур.

Оптмистик қарашлар учун ҳам сабаблар топса бўлади, албатта. Масалан, Премьер-лига доирасида «Этиҳад» бўлиб ўтган сўнгги 4 ўйиннинг атиги 1 тасида мезбонлар ғалаба қозонишган. Икки марта, жумладан, ўтган мавсумдаги ўйинда ҳам Конте жамоасининг қўли баланд келган. Иккинчидан, «Манчестер Сити» пайшанба оқшомида  «Арсенал»га қарши майдонга тушди. «Челси» эса, ўйин олдидан бир ҳафталик танаффусга эга бўлди. «Шаҳарликлар» Венгер жамоасини осонлик билан мағлубиятга учратишгандек кўринса-да, барибир топ-ўйинга жалб қилинган диққат ва эътибор, тартибли ўйнаш зарурияти футболчиларни чарчатиши турган гап.  

МИЛАН - ИНТЕР (4 мартдан 5 мартга ўтар кечаси, 00:45)

Жуда кўп марказий учрашувларга бой ушбу ҳафтани Милан дербиси якунлаб беради. «Милан»нинг сўнгги ойлардаги ажойиб натижалари ва «Интер»нинг ЕЧЛ ўринлари учун қизғин кураш остида экани ўйин аҳамиятини янада бир поғона юқорига кўтаради.

Гаттузо бошчилигида «Милан» 13 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Бу ўйинларнинг 9 тасида ғалаба қозонган «Милан» Италия кубоги финалига чиқди, Европа Лигасида кейинги босқичда курашни давом эттирадиган бўлди ва А Серияда 7-поғонага кўтарилиб, «Интер» билан орадаги фарқни 7 очкогача қисқартирди. Яъни, шу алфозда кетилса, ким билади, «Милан» нафақат еврокубоклар, балки айнан Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун ҳам курашга қўшилиши мумкин. Ўтган турда бошқа бир етакчи «Рома» сафарда мағлуб этилганини эътиборга олсак, миланликларни тўхтатиб қолиш осон эмас ҳозир.

Нафақат ғалаба қозониш, балки «Милан» бу ишни жуда ишонч билан амалга оширишни ҳам уддаламоқда. Гаттузо шогирдлари сўнгги 6 ўйинда ўз даврозаларидан бирорта ҳам гол ўтказиб юбормаяпти ва қайсидир маънода бу жиҳатдан мавсум бошидаги «Интер»ни ҳам эслатмоқда.

«Интер» эса, аксинча, қаторасига 10 ўйинда ғалаба қозона олмади ва ўша ўйинларнинг еттитасида дурангга рози бўлди. Фақат сўнгги турларда иккита ўйинда ютиб, аҳволини бироз ўнглай олди холос. Бу ўйиндаги мағлубият «Интер»ни кучли тўртликнинг ташқарисига улоқтириши мумкин.

Биринчи даврадаги ўйинда «Интер» кичик ҳисобда ғалаба қозонганди. Аммо бу жамоалар ўртасидаги сўнгги учрашув 28 декабрда Италия кубоги доирасида бўлиб ўтган ва бу учрашувда «Милан» 1:0 ҳисобида устун келди. Айнан шу ғалаба «Милан»нинг бу мавсумдаги илк катта ютуғи бўлганди. 

БОШҚА ЎЙИНЛАР:
3 март: ТОТТЕНҲЭМ - Ҳаддерсфилд (20:00), Труа - ПСЖ (21:00), ЛИВЕРПУЛЬ - Ньюкасл (21:30)
4 март: Брайтон - АРСЕНАЛ (18:30), Фрайбург - БАВАРИЯ (22:0
5 мартдан 6 мартга ўтар кечаси: Кристал Пэлас - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (01:00)

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Top