22:00 / 13.05.2018
12679

«Манчестер Сити» тарихий ғалабага эришди. Яна янги рекордлар

Фото: Премьер лига

«Манчестер Сити» Англия премьер-лигасининг охирги турида «Саутҳемптон»га қарши ўйнаб, қўшимча дақиқаларнинг охиргисида гол уриб, 1:0 ҳисобидаги ғалабага эришди. Бу ғалабадан кейин жамоа мавсумда йиғилган очколари сонини 100 очкога етказди. Бу эса премьер-лиганинг янги рекордидир.

Шунингдек, «Сити» бир мавсумдаги ғалабалар сони бўйича (32) ҳамда урилган голлар сони бўйича (106) ҳам рекорд ўрнатди. Хосеп Гвардиола шогирдлари мавсум давомида 16 сафар учрашувида ғалаба қозонди, бу ҳам рекорд натижа ҳисобланади.

Турнир жадвалида иккинчи ўринни «Сити»дан 19 очко ортда қолган «Манчестер Юнайтед» эгаллади - рекорд. Бу борада аввалги рекордчи жамоа «Манчестер Юнайтед» бўлганди (18 очколик фарқ), ўшанда 1999/2000 йилги мавсумда манчестерликлар 91 очко билан биринчи ўринни эгаллаган, энг яқин таъқибчи «Арсенал»да 73 очко бор эди.

Кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль» иштирок этади. Бешинчи ўринда қолган «Челси» Европа Лигасида иштирок этади.

Мавсум якунларига кўра охирги 3 ўринни «Суонси», «Сток» ва «Вест Бромвич Альбион» эгаллади ва бу жамоалар премьер-лигани тарк этди.

«Манчестер Сити» премьер-лига ғолиблигини апрель ойи ўртасидаёқ, ҳали мавсум якунига 5 тур борлигида расмийлаштирганди.

«Сити» ўз тарихида бешинчи марта лига чемпиони бўлмоқда. Шундан 3 чемпионлик охирги 6 йил ичида қўлга киритилган.

Бир мавсумда энг кўп очко йиғиш бўйича аввалги рекорд «Челси»га тегишли бўлганди: 2004/2005 йилги мавсумда лондонликлар жамоаси 95 очко жамғарган.

Англия чемпионати
30-тур
Саутҳемптон – Манчестер Сити 0:1
(0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 90 Габриэл Жезус.
Саутҳемптон – Маккарти, Стивенс, Худт, Бертран (Маккуин, 81), Йосида, Ромеу, Тадич, Редмонд (Уорд-Проуз, 64), Хейбьерг, Соареш, Остин (Лонг, 64).
Манчестер Сити – Браво, Лапорт, Стоунз, Данило, Бернарду Силва (Браим Диас, 78), де Брюйне, Стерлинг, Гюндоган (Фоден, 82), Сане, Фернандиньо, Делф (Габриэл Жезус, 59).
Огоҳлантиришлар: Уорд-Проуз (71), Соареш (90), Хейбьерг (90), Габриэл Жезус (90).

Top