Италия чемпионатида ҳафтанинг ўртасида 6-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга молик бир қанча воқеалар юз берди.
Тур ўйинида «Интер» ўз майдонида «Фиорентина»ни енгди
«Интер» аста-секин оёққа туриб бормоқда. Жамоа мавсумни муваффақиятсиз бошлаган эди. Аммо сўнгги икки турда икки марта ғалаба қозонди. «Фиорентина»га қарши ўйинда «Интер» бироз устунликка эришди. 45-дақиқада Икарди пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда «Фиорентина» жонланиб қолди ва 53-дақиқада Шкриньярнинг автоголи эвазига ҳисобни тенглаштирди. Шундан сўнг, катта куч билан олдинга интилган «кўк-қоралар» 77-дақиқада Д'Амброзио голи эвазига ғалабани илиб кетишди. Бу натижадан сўнг, «Интер» 10 очко билан 6-ўринга чиқиб олди.

Интер – Фиорентина 2:1 (1:0, 1:1)
25 сентябрь, «Жузеппе Меацца (Сан-Сиро)» стадиони
Голлар: 1:0 – 45, пенальти Икарди, 1:1 – 53, автогол Шкриньяр, 2:1 – 77 Д`Амброзио.
Интер – Ханданович, Д`Амброзио, де Врей, Шкриньяр, Асамоа, Весино (Кейта Бальде, 68), Брозович, Кандрева (Политано, 58), Наингголан, Перишич (Гальярдини, 88), Икарди.
Фиорентина – Лафон, Миленкович, Пеццелья, Витор Уго, Бираги, Бенасси (Влахович, 84), Верету, Фернандеш (Жерсон, 64), Кьеза, Симеоне (Пьяца, 55), Миральяс.
Огоҳлантиришлар: Кьеза (19), Фернандеш (45), Асамоа (72), Миральяс (84).
«Ювентус» йўқотишсиз бормоқда
«Ювентус» ўз майдонида «Болонья»ни қабул қилиб, ишончли ғалабани қўлга киритди. Туринликларга иккита тезкор гол уч очкони қўлга киритиш учун кифоя қилди. 10-дақиқада Дибала ҳисобни очди ва 6та ўйиндан бери давом этаётган голсиз сериясига барҳам берди. Орадан 6 дақиқа ўтгач Матюиди ўз голи билан уни мустаҳкамлади.

Ҳужумчи Криштиану Роналду ўйинда 90 дақиқа ҳаракат қилса-да, рақиб дарвозасини ишғол этолмади. Ўйиндан сўнг, бош мураббий Массимилиано Аллегри уни мақтаб қўйди.
«Роналдуни иккинчи бўлимда алмаштириб, унга дам бермоқчи эдим. Аммо у гол уриш иштиёқида майдонни тарк этишни истамади. Италияда футбол мураккаб бўлса-да, Криштиану ўйинидан мамнунман. У тўпни назорат қилишда ўзгача техникага эга - бу нарса уни чемпион қилади», - деб Аллегри сўзларини келтирди Football Italia.



















