Жаҳон | 09:32 / 05.03.2018
7918
2 дақиқада ўқилади

Асад: АҚШ коалицияси ИШИДнинг ҳарбий-ҳаво кучларидир

Фото: SANA

Шарқий Ғутада истиқомат қилувчиларнинг аксари кўчиб кетишни хоҳлаётгани боис, террорчиларга қарши амалиётлар давом эттирилади. САР раҳбари Башар Ал Асад Эрон ТИВ вазири ўринбосари Ҳусайн Жабарий Ансорийни қабул қилар экан, шундай баёнот берди.

"Ғутадагиларнинг кўпчилиги террорчилар қуршовидан чиқиб кетишни хоҳлаяпти. Шу боисдан ҳам террорчиларга қарши амалиётлар давом эттирилади ҳамда фуқароларнинг давлат назоратида бўлган ҳудудларга чиқиш имкони тақдим этилади", — дея Асад сўзларини келтиради Суриянинг SANA миллий ахборот агентлиги. 

У АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция ИШИД, "Жабҳат ан Нусра" ва бошқа террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватламоқда, деган фикрни ҳам билдирди. 

"Ғарб коалицияси ИШИД учун ҳарбий-ҳаво кучларидир. Бу коалиция ИШИД, "Жабҳат ан Нусра"  ва бошқа террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватламоқда", — дея қайд этган Асад. Бундан ташқари, Сурия етакчисига кўра, Ғарб мамлакатлари кимёвий қурол сўзидан Сурия қўшинларига зарба беришдан фойдаланмоқда. 

Давлат раҳбари Сурия халқ ҳимоячиларининг Афринга келишини ҳам табиий деб баҳолади. 

"Афринга халқ ҳимоя гуруҳларининг киритилиши, ташқаридан босқинчилик бўлаётган бир вақтда одатий ҳолдир. Сурия армияси бошқа ҳудудларда террорчиларга қарши курашаётган бир вақтда, жамиятнинг турли қатламлари бирлашиши табиийдир", — деган Асад.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид