Жамият | 00:40 / 05.03.2018
52053
3 дақиқада ўқилади

«​Қадди букчайган» поликлиника таъмирланишини зор бўлиб кутмоқда​

Фото: KUN.UZ

Наманган вилоятида жойлашган Шаҳанд қишлоғи нафақат Тўрақўрғон тумани ё вилоятда, балки республика миқёсида ҳам аҳоли энг зич жойлашган масканлардан бири сифатида эътироф этилади. Қишлоқда 11та маҳалла фуқаролар йиғини, 4та мактабгача таълим муассасалари, 8та умумтаълим мактаб, 1та касб-ҳунар коллежи, ва ягона 29-оилавий поликлиника аҳолига хизмат қилади.

Kun.uz таҳририятига келиб тушган мурожаатларни ўрганиб, бир дам тин олдим. Бирдан Тўрақўрғондаги кўчаларни айланиб кўришга жаҳд қилдим. Маҳаллада улғайган болалар одоб билан нотаниш журналистга салом бериб ўтишарди. Кўча бошида гурунг қилиб турган қариялар эса хотиржам йўлдаги машиналарнинг шовқинини кузатиб ўтирибди. Айрим хонадонларда таъмирлаш, бошқасида уй юмушлари билан овора йигитнинг қораси кўринди.

Сал ичкарига кириб боришим билан кўз олдимда фашистлар Германияси топтаб ўтгандек, «​мунғайиб қолган»​ 29-оилавий поликлиника «​қадди букчайиб турибди»​. Ҳеч бир ёлғонсиз айтаманки, шифохона фаолият кўрсатмайди, шунинг учун бино қаровсиз қолган, деб хаёл қилдим. Бироз ўтиб, ичкаридан бемор чиқиб, кўчада кутиб турган акасининг ёнига борди. Қизиқишим устунлик қилиб, «бу ер қандай жой», деб сўрадим.

«Қишлоғимиздаги ягона поликлиника», деб жавоб берди нотаниш бемор.

Негадир унинг сўзларида зарда ва алам ҳам бор: оғриқ кучлилик қилгандир. Аммо, шифохонага кириб билдимки, ҳамма гап бошқа ерда! Билмадим, бу ерни кишилар шифо топадиган маскан деб атаса бўладими?! Ё мутасаддилар томонидан унутиб қолдирилган, таъмирланиши кутиб турган поликлиниками?

Якшанба куни бўлиши қарамай, шифокорлар улкан чидам билан ишламоқда. Асосан патронаж хонадонларга қатнаб, халқ соғлиғини тиклашга ўрганган тиббиёт ходимлари бир ҳафта қилган ишини қоғозга кўчириб ўтиришга ҳам мажбурлигига гувоҳ бўлдим. Ўқитувчилар яккаланмайди, хайрият, уларга шерик топилибди, деб пичинг қилгим келди.

Маълум қилинишича, поликлиника 60 мингдан зиёд кишига хизмат кўрсатади, аммо биронта ҳам амбулятория шароитидан дарак йўқ. Қолаверса, унда туғруқхона, патология, терапия ва болалар бўлими мавжуд эмас.

Минг хаёллар билан поликлиникадан чиқиб келарканман, «қузғун» фикрлар мени чулғаб олди. «​Таълим ва тиббиёт бу аҳволда қолаверса, эртага келажак авлодга нима деб жавоб қайтарамиз? Уларнинг кўзига қандай қараймиз? Нега касал бўлганда, тез тиббий ёрдам кўрсатилмагани ёки ўз вақтида сифатли таълим олмагани учун кимни айбдор қиларкин?»​. Балки шу саволларимни ҳокимиятда ўтирган раҳбарлар ҳам ўзига бериб кўрар.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид