Спорт | 23:20 / 06.03.2018
12228
6 дақиқада ўқилади

«Сити»да +18 ва «МЮ»нинг камбэки. Англияда тур ўйинлари

«Трибуна» Англия чемпионатининг 29-тур ўйинларини таҳлил қилади.

Неманья, қўрқинчли замбарак

«Кристал Пэлас» - «Манчестер Юнайтед» - 2:3 (1:0)

«Кристал Пэлас» де Хеа дарвозасини 2 бор ишғол қилгач, «Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси Жейми Каррагер твиттерида ёзди: «Юнайтед» бугунги ўйинда 3:2 ҳисобида юта олишини тасаввур қилаётганлар борми?». Унга шундай жавоб қайтарилди: «Тентакмисан? Қачон улар бир ўйинда 3 гол ура олишганди?»

Лекин улар шу куни 3та гол уришди. Аслида, «Манчестер Юнайтед»нинг ўйини чиқмади, тўп майдон марказига ҳам етиб бормаётганди, аммо Жозе Моуриньони Рой Ҳожсоннинг ўзи қутқариб қолди, у ҳисобдаги устунликдан кейин жамоасини ҳимояга ётқизди. Лондонликлар чидади, чидади ва қўшимча дақиқаларда бу чидам тугади, Матичнинг дарвоза тўсини остига йўллаган ажойиб зарбасидан кейин камбек.

Wenger out


«Брайтон» - «Арсенал» 2:1 (2:1)
«Арсенал» яна ютқазди, жамоа қаторасига мағлубиятга учрамоқда.

«Агар мен Арсен Венгер бўлганимда, Арсен Венгерни ишдан бўшатардим», дея ёзди Гари Линекер «Арсенал»нинг «Брайтон»га қарши ўйиндаги мағлубиятидан кейин.

Британиядаги машҳур букмекерлик идораларидан бири эса, «Арсенал» босслари қилмаётган ишни қилди, Венгер истеъфоси учун пул тикканларга пул тўланди.

Лондонликларда вазият оғир. Март кирар-кирмасданоқ жамоа чемпионлик учун назарий имкониятларни ҳам йўқотди. «Арсенал» йил бошидан буён 8 марта мағлуб бўлди, охирги 4 ўйинда қаторасига мағлубият қайд этилди. Венгер туфайли мухлислар кўз ёш тўкмоқда. 

Жамоанинг янги харидлари Мхитарян ва Обамеянг ҳам мухлисларни хурсанд қила олмаяпти. Гарчи, габонлик ҳужумчи ўйиндан кейин олижаноблик кўрсатган бўлсада. У ўйин вақтида ўзидан футболкасини сўраган кичик мухлисга эътиборсизлик қилди, аммо ўйиндан кейин у мухлис билан твиттер орқали боғланди ва футболкани жўнатиш учун унинг манзилини сўради.

Кубок «Манчестер Сити»ники!


«Манчестер Сити» - «Челси» - 1:0 (0:0)

Иккинчи ўрин билан 16 очколик фарқ - ҳар қандай турнир учун қўрқинчли. Ҳатто кўп йиллардан буён «ПСЖ» гегемонлик қилиб келаётган Франция чемпионатида ҳам бу мавсумда пешқадам ва таъқибчилар ўртасида бунчалик фарқ мавжуд эмас. Бундеслигада эса «Бавария» иккинчи ўриндан 20 очко илгарилаб кетди, «Манчестер Сити» бу натижани яхшилашга ҳаракат қилиши мумкин.

Антонио Контенинг истеъфоси янада яқин. Чемпионат ўйинларида «Челси» тез-тез очко йўқотмоқда, лондонликлар тўртинчи ўрин билан орадаги фарқни катталаштирмоқда (5 очко). Агар «кўклар» «Камп Ноу»да ғалаба қозонолмаса, Конте билан хайрлашишлари мумкин. 

Салоҳ чарчамайди
«Ливерпуль» - «Ньюкасл» - 2:0 (1:0)

Муҳаммад Салоҳ гол уришда давом этмоқда. Бу сафар унинг голи «Ньюкасл» устидан ғалабани таъминлади. Салоҳ мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогар. Кучли бешликда айни вақтда ундан кўп гол урган футболчи йўқ. У 26 гол уриб улгурди.

Уни февраль ойининг энг яхши футболчиси деб топишлари аниқ. Бу унинг мавсумда учинчи марта премьер-лиганинг энг яхшиси деб тан олиниши бўлади.

Ҳакамнинг жароҳати ва Соннинг дубли
«Тоттенҳэм» - «Ҳаддерсфилд» - 2:0 (1:0)

Кейн гол урмади, аммо «шпорлар» «Ҳаддерсфилд»ни осонлик билан енгишди. Сон Хин Миннинг икки голи лондонликларнинг кучли тўртликдаги ўрнини мустаҳкамлади.

Ўйин арафасида ҳакамни алмаштиришга тўғри келди, Майк Жонс чигалёзди машғулот вақтида жароҳатланди. Шу туфайли карточкалар ва ҳуштак тўртинчи ҳакам Кевин Френдга топширилди, Жонс тўртинчи ҳакам вазифасини ҳам бажара олмасди, шу туфайли «Уэмбли» ходимлари трибунадан ёрдам сўрашга мажбур бўлишди. Нил Смит исмли шахс ҳакамлик қилишга рози бўлди ва ўйин ўтказилди.

Тур ўйинлари
«Бёрнли» - «Эвертон» - 2:1 (0:1).
Голлар: Женк Тўсун, 20 (0:1). Барнс, 56 (1:1). Вуд, 80 (2:1).
Четлатиш: Уильямс (Эвертон), 86.
«Тоттенҳэм» - «Ҳаддерсфилд» - 2:0 (1:0).
Голлар: Сон Хин Мин, 27 (1:0). Сон Хин Мин, 54 (2:0).
«Суонси» - «Вест Ҳэм» - 4:1 (2:0).
Голлар: Ки Сон Ен, 8 (1:0). ван дер Хорн, 32 (2:0). Кинг, 48 (3:0). Ж.Айю, 63 - пенальти (4:0). Антонио, 78 (4:1).
«Саутҳемптон» - «Стоук Сити» - 0:0
«Уотфорд» - «Вест Бромвич» - 1:0 (0:0).
Гол: Дини, 77.
«Лестер» - «Борнмут» - 1:1 (0:1).
Голлар: Кинг, 35 - пенальти (0:1). Маҳрез, 90+7 (1:1).
«Ливерпуль» - «Ньюкасл» - 2:0 (1:0).
Голлар: Салоҳ, 40 (1:0). Мане, 55 (2:0).
«Брайтон» - «Арсенал» - 2:1 (2:1).
Голлар: Данк, 7 (1:0). Маррей, 26 (2:0). Обамеянг, 43 (2:1).
«Манчестер Сити» - «Челси» - 1:0 (0:0).
Гол: Бернарду Силва, 46.
«Кристал Пэлас» - «Манчестер Юнайтед» - 2:3 (1:0).
Голлар: Таунсенд, 11 (1:0). ван Анхолт, 48 (2:0). Смоллинг, 55 (2:1). Лукаку, 76 (2:2). Матич, 90+1 (2:3).

Мавсум тўпурарлари

Турнир жадвали

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид