Ўзбекистон | 15:10 / 12.03.2018
53869
4 дақиқада ўқилади

Республика бўйлаб бозорлар нега бузиб ташланмоқда? Зарар қопланадими?

Ўтган ҳафта мобайнида жойлардан Kun.uz сайтимизга келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти бозор муаммоси ҳақида бўлди. Мазкур мурожаатларда бу ишлар бажарилиши учун қонуний асос мавжудми деб сўралган. Lex.uz манбасидан ўрганилган маълумотга кўра, 2017 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2853 сонли қарори чиқарилган. 

Ўтган йиллар мобайнида олиб борилган ислоҳотларга қарамасдан, дейилади қарорда, аксарият деҳқон бозорларида хавфсизлик чоралари, хусусан бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари ва нормалари, гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаганини, шунингдек бозор ҳудудларига яқин масофаларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун муайян ноқулайликлар туғдираётганини кўрсатди.

Қарор асосида деҳқон бозорларининг мамлакат иқтисодиётидаги, аҳолининг кундалик ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда харидорлар учун қулай шароитлар яратиш, савдони ташкил этиш соҳасида замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатишнинг илғор тажрибаси ва юксак маданиятини кенг тарғиб қилиш ва изчил жорий этиш, мавжуд деҳқон бозорларини шарқона ва миллий меъморчилик анъаналарини ҳисобга олган ҳолда замонавий савдо мажмуалари тарзида мукаммал реконструкция қилиш мақсад қилинган. 

Айни шу ўринда бир неча саволлар пайдо бўлади кишида:  
1. Миллионлаб маблағ сарфланиб таъмирланган, қайта қурилган бозорлар яна бузиладими? 
2. Шу вақтгача  ўйланмасдан сарфланган маблағларга ким жавоб беради ва мансабига совуққонлик билан қараётган мансабдор шахслар тақдири нима бўлади? 
3. Бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланиши қандай амалга оширилади? Ёки тадбиркорлар икки қўлини оғзига солиб қолаверадими?

Биринчи саволга жавоб «ҳа» бўлади. Ҳаракатлар стратегияси бўйича барчаси режага киритилган. Қисқа ва лўнда қилиб айтамиз, барчаси сўзсиз амалга оширилади. Лекин шошманг, мақолани сўнгги қисмига қадар ёзганларимизни таҳлил қилинг.

Иккинчи савол. Ҳа, бу саволга жавоб бера олмаган мансабдор шахслар жазосини олиши керак. Қонунлар барчага тенг бўлсин. Жиноят қилдингизми, албатта жавоб беришингиз керак, ҳурматли мансабдор шахс. Жиноят кодексининг 207- моддаси айнан мансаб вазифангизга совуққонлик билан қараганингиз учун.

Учинчи савол. Албатта қонун лойиҳасини ишлаб чиққан шахслар бу жараённи ҳисобга олишган. Улар қонунчилик механизмида ҳар бир деталга эътибор қаратишган. Шунга кўра, қарорнинг 16-бандига назар ташласак, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда зарур ер участкалари ажратилишини, шунингдек уларнинг ҳудудлари тайёрланишини ҳамда бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланишини таъминласинлар. 

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш 21-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплексининг раҳбари зиммасига юклатилган. 

Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, жойлардаги ҳар бир ижро ҳокимияти органи ходимлари қарор ижроси пайти тадбиркорларга ваҳшийларча муносабатда бўлмай огоҳлантириш берсин. Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришсин. Улар ҳам инсон. Бундан ташқари давлат бюджетига солиқ тўлаб келмоқда. Янги ишчи ўринлари яратишмоқда. Шу билан бирга  зарарларни қоплаш масаласига алоҳида эътибор қаратишларини сўраб қоламиз. Президент қарори ахир!

Махсус мухбир Солижонов З.У.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид