20:20 / 15.03.2018
53434

Бобомурод Абдуллаев иши. Суд-тиббий экспертизаси хулоса берди

Бугун, 15 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган судланувчилар Б. Абдуллаев, Ҳ. Насреддинов, Ш. Оллоёров ва Р. Салаевларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ судининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мазкур жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси З. Нурматов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари С. Турапова ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.

KUN.UZ мухбири хабар беришича, бугунги суд мажлиси судланувчи Б. Абдуллаевга нисбатан суд томонидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси хулосасини ўқиб эшиттиришдан бошланди. Унда экспертиза Б.Абдуллаевнинг чап елка соҳасидаги чандиқ қачон ва нима сабабдан пайдо бўлгани, унинг жиддийлик даражасини аниқлай олиши қийинлиги таъкидланган. Тергов дафтаридан маълум бўладики, 2017 йил 29 сентябрда Абдуллаев МХХ томонидан қўлга олиниб, тергов изоляторига олиб келинганида, унинг чап елка соҳасида чандиқ излари бўлгани қайд қилинган. 

Бундан ташқари, Абдуллаевнинг бўйин, кўкрак, бел ва умуртқа поғонаси соҳаларида МРТ ўтказилган, икки буйрак, ўт пуфаги, жигар ультратовуш текшируви ўтказилган, таҳлиллар олинган. Тиббий мутахассислар томонидан текширувлар ҳам олиб борилган. Улар томонидан бирор салбий ўзгаришлар аниқланмаган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида Абдуллаевда ўтказилган текширувлар жараёнида соматик хасталиклар аниқлангани қайд этилар экан, улар ҳам айнан тергов изоляторида пайдо бўлганини исботлаш имконсиз экани таъкидланган.

Шундан сўнг, судга раислик қилувчи З. Нурматов томонидан суд тергови бошланганлиги эълон қилинди. Давлат айбловчиси айблов хулосасини ўқиб эшиттирди.

«Далилларни текшириш тартиби белгиланди. Бу жараён давомида судланувчилар, гувоҳлар ва экспертларнинг кўрсатмалари тингланади, шунингдек, ушбу иш бўйича тўпланган бошқа далиллар текширилади», дея ойдинлик киритади Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов.

Суд мажлиси давомида судланувчининг кўрсатмаларини тинглаш бошланди.

Суд жараёни давом этмоқда. Суднинг кейинги мажлиси 2018 йил 26 март куни, соат 15.00да бўлиб ўтади.

Мавзу
Журналист Бобомурод Абдуллаев иши

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва ҳукуматни ағдариш каби жиноятларни амалга оширганликда айбланаётган судланувчилар иши бўйича Kun.uz мухбири суд мажлисидан тайёрлаган материаллари

Барчаси
Top