Жамият | 19:30 / 19.03.2018
129836
3 дақиқада ўқилади

Калтакланди, сўкиш эшитди ва ўлди. Ўзбек ўқитувчиси қисмати

Фото: Getty Images

Педагог сўзининг луғавий маъноси «бола етакловчиси» деган маънони англатади. Бу сўзнинг пайдо бўлиши қадимий Юнонистон давлатида илк мактабчилик шаклланиши даврига тўғри келади, яъни замонасининг илғор фикрли кишиси қолганларга, асосан ёшларга билим бериши, кейинчалик уни педагог деб аташларига асос бўлди.

Ҳеч қайси давлатда ўқитувчига паст назар билан қаралмайди, аксинча унинг фаолияти молиявий жиҳатдан рағбатлантирилади. Масалан, иш тажрибасига эга бўлмаган ўқитувчи Европада йилига 77 минг доллар атрофида маош олади, кўп йиллик тажрибага эга, талабгир педагог эса бир йилда 135 минг доллар ҳақ олади. Тасаввур қилиб кўринг: бу маошни олган ўқитувчи фақат таълим бериш, болаларни тарбиялаш, уларни «етаклаш» билан шуғулланишдан бошқа иложи қолмайди. 

Сибирнинг ҳароратию, Калифорниянинг тароватини бир четга сурайликда, ўзимизнинг жайдари ўқитувчилар ҳақида гаплашсак. Улар ажойиб тоифада: ҳеч ўз билганидан қолмайди. Ўзбекистонлик ўқитувчилар учун терминни сал мослаштириб, «подагог»га айлантирдим. 

Гап шундаки, шаҳарда қурилиш, бузилиш, қўйингки, «меҳмон» келса ҳам ўқитувчида «кутилмаган ташаббус» юрагидан қайнаб чиқади. Баҳор келса, дарахт оқлаб, кузда пахта тергиси келади. Ҳайронман, ортидан эргашган «пода» билан нималарга эришмоқчи, бироқ барча ишни дўндиради, қойиллатади. Комиссия келса, битта архивга ошно қоғозларни тўлдирганини кўрсатиб мақтанади. 

Алламбало газета, журналларга обуна бўлгани-чи?! Ўзи кундалик сарфингга етмайдиган ойлик оласан, обунага шошилиб нима қиласан, дегани одам йўқ. Бунинг устига, металлом йиғиб шогирдларига намуна бўлади. Бундай «подагог» ҳеч ҳам гапга кирмайди. Ҳокимлар калтаклади, ҳақорат қилди, бошқа таъсирчан чора ҳам қолмади. Каттақўрғон туман ҳокимлигига кўра, «мажбуран кўча тозалашига чиқарилмаган», 100 доллар ҳам маош олмайдиган ўқитувчи катта трасса четига оҳак суркайман деб ҳалок бўлди. 

Хулоса сиздан, азиз ўқитувчилар! Жамият сиз яхши йўлга қайтишингизни, ортиқча қоғозлар тўлдириб, мажлисбозликка берилмай, дарсга қайтишингизни кутади. Андижондан поездга ўтириб, бошқа вилоятга пахта тергани кетиб қолманг. Кўча тозалаш бўлса, мана туманларда ободонлаштириш бошқармалари бор, ҳокимлар ҳам енг шимариб турибди. Сиз синфхонага боринг, қадоқ қўлингиз қачон бўр ушлади? Хавотир олманг, Абдуллани ҳам биз уйлантирамиз, сигирни ҳам биз соғамиз. Сиз фақат қайтинг!​

PS: Айрим, панада солиқчилар, МИБ ёки электртаъминот ходимларига иш қолдирмай, уларнинг ўрнига аҳолининг қарзларини ундириш йўлида жавлон уриб юрган ўқитувчилар, сизлар ҳам қайтинг!

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид