Жамият | 14:50 / 20.03.2018
37929
11 дақиқада ўқилади

«Бугунги қўғирчоқ ўқитувчилар қўлида эртанги қўғирчоқлар»

Фото: depositphotos

Байрам бошланди, энг чиройли гаплардан ёзиб, самимий тилаклар билдириш ўрнига яна оғирроқ мавзуга қўл урдим. Йўл тўсиқни бўяшга чиққан ёшгина ўқитувчи қизнинг ўлими хақида нохуш хабар тарқалдию, шахсий почтамга шу мавзуда ҳам фикр билдиришимни сўралган бир нечта мактублар келди. Авваламбор, Аллоҳнинг иродаси, қисмат. Марҳуманинг охирати обод бўлсин, оила аъзоларига таъзиямни изҳор этаман. Фожиага айбдор кимсалар ҳақида мендан олдинроқ ёзиб бўлишди, сабаблар ҳам таҳлил қилиняпти. Мен сал бошқачароқ мақола ёзгим келди. Келинг, дарров бировни ёмонлашдан бошламайда, фидойи бир раҳбар хақидаги хотираларим билан ўртоқлашай. 

Мактабни 1992 йили битирганман. Ўқувчилик йилларимни яхши эслайман. Ўша вақтларда ҳам ўқитувчи, шифокорлар ягана, чопиқ, пахта терими ва бошқа ишларга жалб этилар, фақат қувасойликларгина мажбурий меҳнатдан иложи борича озод этилиб, қимматли вақтлари ўғирланмасди. Чунки, шаҳар ҳокими маърифатпарвар раҳбар эди! Имкон топди дегунча ота-оналар билан суҳбатлашар, тарбия ва таълим муассасаларининг иш фаолиятини селекторлардаги ҳисоботлардан эмас, халқдан сўраб ўрганарди. «Унинг келиб-кетганини билмай ҳам қолар эдик» деб эсловчи нафақадаги муаллима яна бир қанча хислатларини тилга олди: «Сабзавотларни қайта тайёрловчи омборлар бўларди. Бир куни ўша ерда ишлаётган ўқувчилар ва назорат қилаётган ўқитувчинининг олдига тушиб, қаро терга ботгунча ишлаган, сўнг қаршисида қалтираб турган омбор мудирига қараб, «Энди иш чиқса, мени чақир!» деб обдон тузлаган эди. Собиқ иттифоқ даврида ўн етти марта Шароф Рашидов ҳузурига бориб «Қувасойнинг табиатига мос, сершира мевали боғлар яратайлик» деган ҳам шу киши бўлади. Пахта далалари тугатилгач эса, каттакон йиғинда сўзга чиқиб, ўқитувчиларга қарата «Энди болаларни янаям зўр ўқитасизлар!» деган экан. 

У мактаблар тақдим этадиган кўрсаткичларга фақат бир мақсадда кўз ташлар, яъни жимжимали бешлари кўп билим даргоҳларини алоҳида назоратга оларди. Сўнгра ўша мактаблар йўлида ўқувчиларни тўхтатиб, савол–жавоб қилишни яхши кўрарди. Агар жавоб берувчининг билимидан қониқса, ёш боладай қарсак чалиб, акси бўлса дарров амалий чоралар кўрарди. Ортиқча дабдаба ва блокнот кўтарган мулозимларисиз синфхоналарни айланиб, охирги парталарнинг бирида жимгина ўтириб, дарсларни кузатишни канда қилмасди. Агар ўзи гувоҳ бўлган дарсдан кўнгли тўлмаса, муаллимни самимий суҳбатга чорлаб, мавжуд муаммоларга қўлидан келганча ечим топар, ўшанда ҳам ўзгариш бўлмаса, дарслардан четлаштирарди. Наинки ўқитувчилар, мактаб раҳбарлари, ҳатто «ГорОНО» мудирини ишига бефарқ бўлмай, тепса-тебранмасларни казо-казо танкалари бўлса ҳам бу соҳага яқинлаша олмайдиган қилиб четлаштирарди. Қувасойликларнинг ғурури бўлган Шуҳрат Шерхонович Аҳмедов мана шундай одам эди! 
Ҳозирчи?! 

Ҳозирги ҳокимлар ҳам болажонлар билими билан қизиқишадими? Албатта! Фақат, Шуҳрат Аҳмедов каби савол-жавоб қилиш учун эмас, янаям юқорироққа кетадиган ҳисоботлар туман, шаҳарлар обрўсини тўкмаслиги учунгина қайғуришади. «Давоматни назорат қилиш Халқ таълими бўлими зиммасида, менинг бошқа вазифаларим ҳам тиқилиб ётибди!» деган баҳона ҳам бор! Бироқ, иш жойидан ажралиб қолишни истамайдиган бечора ўқитувчиларни хоҳлаган мусиқаларига ўйната олишади.

Шаҳардаги мактабларнинг бирига бориб, ғаройиб йиғилиш устидан чиқиб қолдим. Соат кечки олти бўлаётганига қарамай, ҳаммани маънавият хонасига тўплаб олган директор бор овозда шанғиллаб, дарсларни қолдирадиган ўқувчиларини эплаб ололмаётган ўқитувчига роса бақирарди. Сўнгра фанларни ўзлаштира олмаётган, давомати паст болалари кўп синф раҳбарларини ҳам оғзидан кўпик сачраб ҳақорат қилди. Ваҳоланки, шу мактабда мавжуд бўлган қатор муммолар сабаби - бевосита раҳбар хонимнинг ўзи эди. Прокурорнинг хотини бўлган билимсиз математикни ишга олиб, болаларнинг ярим йилллик вақтини ўғирлаш, мактаб стадионининг бир қисмини тадбиркорга ижарага бериб, ёш футболчиларнинг қадами ҳам тегмайдиган яшил майдонча қуриш, дарс вақтида ўқувчиларни «Панорама» номи билан машҳур киносаройда қўйиладиган тутуриқсиз фильмлар томошасига олиб бориш... Кимларнингдир буйруғини бажараётганини секингина тан оладиган, заҳрини эса қўл остидагиларга сочадиган раҳбарни ким дейиш мумкин?! Шу мактабдан олим, профессор ёки жаҳон тан оладиган бошқа соҳа вакиллари чиқишига мутлақо ишонмайман. Бу шаҳар мактабидаги ҳолат, вилоятнинг чекка ҳудудларидаги аҳволни гапирмай қўя қолай. Нима учун таниқли олимларимиз қариялар уйида, ташландиқ ҳолда ётганига ҳам ақлим етгандай бўлди. Агар мактаб раҳбарлари фақат киносаройлар эмас, Убай Орипов номидаги Ион Плазма ва лазер технологиялари институтига ҳам ўқувчиларни олиб боришганида борми, бир вақтлар кичкинагина лабороторияда ядровий тиббиёт асоси бўлган ПЭТ (Позитрон Эмиссион технологиялар) технологиялар устида иш олиб борган олимнинг тақдири билан ҳам қизиқиб, мактабдан ҳеч бўлмаса битта академик етишиб чиқишига сабаб бўлишарди. Зўр ўқиётган болаларимиз судья, прокурор, солиқчи, МХХ ходими, ҳарбий, шифокор, иқтисодчи бўлишни орзу қилишади. Билими ҳаминқадарлар тадбиркор, артист бўлиб ҳам тирикчилик қилишлари мумкин. Янги гибрид тизим ҳисобланиб, онкологик касалликларни эрта аниқлашга имкон берувчи Позитрон Эмиссион тамографларнинг янги авлодларини яратувчи олимларимиз кимга керак? Чайналиб, сийқаси чиқиб кетаётган мардикорлар мавзуси хақидаку гапирмай қўя қолай, Сурия, Ироқ ва Афғонистонда қурол кўтариб юрган, жаҳолат асирларига айланган болаларимиз ва бегона юртларда танини сотиб юрган қизларимз ҳақида ҳам жимман. Миллатнинг куч-қудрати бўлишга муносиб ёшларнинг қисмати нега бунчалик аянчли! Жавоб оддий: яна гап таълимга бориб тақалади. Математика, физика, химияни қўя туринг, бутун дунё биладиган инглиз тилида тузукроқ гапира олмаётган болаларимизга ким яхши маошли қонуний иш таклиф қилади? Муаммоларнинг илдизи эмас, шохига қараб фол очадиган олифталар эса «Ишласа ўзимизда ҳам иш бор, Ватанга қайтса оч қолмайди» деб кариллашни, президентга яхши кўриниб, сайрашнигина билишади холос! Ўзга юрталарда сарсон юрганлар қандай муҳитда ўсиб, қайси мактабда, қандай таълим олгани билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ! Жонимизнинг бир парчаси бўлмиш ўша жигарларимиз ҳам бир вақтлар билимга чанқоқ болалар бўлган. Балки уларга берилган таълим сифати зўр бўлганида, қонида мудраб ётган генлар жунбишга келиб, ҳозир Оксфорд, Сорбонна, Кембриж университитетларида дарс бериб юрган бўлишармиди! 

Дарс ўтмай, дайдиб Камазнинг рўпарасига «адашиб чиқиб кетган» Диананинг ортида ҳам, вояга етмаган гўдаги ва билимга ташна ўқувчилари қолди. Уни танимайман, бироқ тарифлашларига қараганда ёш ўқитувчи ёмон устоз бўлмаган. Битта савол туғилади: Халқ таълими тизимида билими давр талабига жавоб берадиган фидойилар кўпми? Шахсий кузатувларим шуни кўрсатяптики, ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам зўр эмас! Акс ҳолда одамлар фарзандларини шаҳарнинг нариги томонидаги мақталган мактабда эмас, уйининг олдидаги билим даргоҳида ўқитишар эди. Давр билан теппа-тенг қадам ташламоқчи бўлаётган болаларнинг олдида уялиб қолмаслик учун «суперустоз» бўлиш шарт! «Ўргимчак тўри»дан хоҳлаган маълумотни топаётган ХХI аср болалари жуда талабчан. Ўқитувчи меҳнати эса ҳеч қачон осон бўлмаган. У эндигина шахс сифатида шаклланаётган инсонлар билан ишлайди. Ўқувчилар фаол, тўполончи, урушқоқ, дангаса, баъзан қўпол ҳам бўлишлари мумкин. Синфда жамланган ўттиз боланинг ўттиз хил феъл-атвори бўлиб, ҳар бири билан тил топишиш учун ўқитувчидан катта маҳорат соҳиби бўлиш талаб этилади. Шундай катта масъулиятни зиммасига олаёган устозлар асаб тизимига етказилаётган талафот учунгина дарслардан сўнг ҳеч бўлмаса икки соат дам олиш ва шу ором соатлари учун ҳам ҳақ олишга ҳақлидирлар! Мунтазам чарчоқдаги қон – томир, таяч- ҳаракат ва вужуддаги бошқа тизимлар ҳақида гапирмай қўя қолай. Аввал «инфаркт», «инсульт», «қандли диабет» каби касб касалликлари ёши катталарда учраса, ҳозир ёш ўқитувчиларга ҳам ёпишган. «Болаларни ўқитса ўзига. Пулини оляпти. Ана, уйида дам оволади» деган сафсатани йиғиштиринг. Бир дунё дафтар, қоғозларни сумкасига солиб уйига кетадиган фидойилар ярим кечада ётиб, эрталаб яна ишга чиқишади. Бу юмушларга «мардикорлик» ҳам қўшилса урди Худо! Йўл тўсиқни бўяшга «отилиб чиққан» Диана ҳам уларнинг бири эди. Агар президентга яхши кўринишни истаган каллаварамлар катта трассадаги ободончилик ишларига Японияда ишлаб чиқарилган зийрак роботлар эмас, 2500- 3000 «чуғурчуқнинг макони»дан чарчаб келган ўқитувчилар келтирилганини англашганида, ҳеч бўлмаса хавфсизлик чораларини кўришган ва фожианинг олдини олишган бўларди! 

Таълим сифатини ошириш учун пайсалга солинмай амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўп. Улардан энг биринчиси - ҳамма таъкидлаётгандай ўқитувчиларни мажбурий ишлардан озод қилиш ва саломатликларини қайта тиклаш. Ёзги таътилда эса албатта бирорта курортга юбориш шарт. Менга қолса, ўқитувчи ва мураббийларни автобус ҳайдовчилари каби ҳар куни эрталаб тиббий кўрикдан ўтказиб, сўнгра дарсга қўяр эдим. Чунки, ўқувчилар ҳам келажак сари йўлга чиққан йўловчилардир! Уларнинг олдидаги маъсулиятни ҳамиша ҳис қилишимиз керак. 

Фожиадан сўнг уйғонган Халқ таълими ўринбосари сенатор, депутат бошқа давлат органларини миллат тақдири йўлида бирлашишга чорлабди. Мен ҳам шунга даъват этаман. Фақатгина амалдорлар эмас, келажагимизга бефарқ бўлмаган юртошларимнинг барчаси ҳам илм-маърифат тараққиёти учун жонкуярроқ бўлишларини хоҳлардим. Бугун кимларнингдир қўлида қўғирчоқ бўлаётган ўқитувчилар эртага бировларнинг қўлида қўғирчоқ бўладиган авлод, мардикорлигича қолиб кетадиган миллатни тарбиялашини ҳеч қачон унутмайлик!

Муаззам Иброҳимова

Мавзуга оид