00:38 / 20.03.2018
8619

Олтинкўлда Наврўз сайиллари бўлиб ўтди

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик ишлари қизғин ва кўтаринки кайфиятда олиб борилди.

Туман аҳли қишлоқ ва маҳаллаларда байрам олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширдилар. Кўплаб манзарали ва мевали дарахт кўчатлар, ранго-ранг гуллар экилган туман кўчаларини айлансангиз, байрамона манзаралардан кўзингиз қувнайди.

600 нафардан зиёд ёшлар “Олтинкўл” стадионида “Ассалом Наврўз”, “Олтинкўлда баҳор” шаклларида флешмоб ташкил қилишди.

Қорадарё бўйида  асрлар оша яшаб келаётган халқ ўйинлари намойиш этилди. Бел олишиб, билагидаги кучни кўрсатган полвонлар баҳси давом этди. Финал баҳсида олтинкўллик полвон Шаҳрихондан келган спортчи билан беллашиб, меҳмоннинг қўли баланд келди.

Баҳорги тенгкунлик - Наврўз айёмининг асосий тантаналари туман марказидаги “Олтин соҳил” маданият ва истироҳат боғида ўтказилди.

Тадбир аввалида сўз олган туман ҳокими Бахтимурод Каримов йиғилганларни баҳор айёми билан қутлади. Шундан сўнг туман маданият уйининг бадиий ҳаваскорлари, ижодий жамоалар ҳамда халқ таълими муассасалари тарбияланувчилари томонидан тайёрланган “Ассалом Наврўз” деб номланган концерт дастури намойиш қилинди.

Дастурдан ўрин олган асрий анъаналаримизни ифода этувчи халқ қўшиқлари, айтишув, ўлан, лапарлар йиғилганларни хушнуд этди. Шўҳ қўшиқлар янграб, барчани даврага тортди.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Top