Жаҳон | 08:35 / 20.03.2018
6217
2 дақиқада ўқилади

Туркия Европа Иттифоқидан ваъда қилинган 3 млрд еврони сўрамоқчи

Фото: Haberturk

Анқара Болгариянинг Варна шаҳрида ўтадиган Европа Иттифоқи-Туркия саммитида европалик шерикларидан миграция инқирозига қарши кураш учун ваъда қилинган 3 млрд еврони сўрамоқчи. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарадаги чиқишида маълум қилди.

“Улар (европалик шериклар) 3 млрд евро ҳақидаги иккинчи транш ҳақида тўхтамай гапиришади. Бироқ биз ҳали биринчи траншни олганимиз йўқ. Ваъда бердингизми, унда беринг ва бизни лақиллатишни бас қилинг. Биз бу масалани Варнадаги саммитда кўтарамиз”, деб айтган Эрдўған. Эрдўған 26 март куни Варнада бўлишини ва Европа Иттифоқи олдида пуллар ажратилиши масаласини яна қўйишини қўшимча қилган.

2016 йил 17-18 мартдаги ЕИ-Туркия саммитида Брюссель ва Анқара Европага миграция оқимини қисқартириш чораларини кўзда тутувчи келишувни имзолаган. Ўшанда ЕИ Туркияга 3 млрд евродан икки марта жами 6 млрд евро ажратиш мажбуриятини олган. 2018 йил 14 мартда Еврокомиссия 2017 йил охирида маблағларнинг биринчи қисми тўлиқ ажратилгандан кейин, иккинчи траншни сафарбар қилишни бошлашини маълум қилган.

Бироқ Эрдўғаннинг айтишича, айни вақтда Туркияга ваъда қилинган маблағлардан фақатгина 850 млн евро олинган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид