Жаҳон | 00:32 / 22.03.2018
35006
4 дақиқада ўқилади

​«Унинг ҳавосида нимадир бор». Россиянинг ташвиш машинаси

Фото: РИА "Новости"

Замонавий иқтисодиёт асосчиларидан бири ва етук таҳлилчи Алфред Маршалл пўлат ишлаб чиқаришда жаҳонда илғор бўлган Англиянинг Шефильд шаҳри ҳақида фикр билдира туриб, шундай деганди: «Унинг ҳавосида нимадир бор!». Менимча айни пайтда Россия билан юз бераётган вазиятда ҳам шу иборани қўллаш ўринли бўлади: Россия қўрқув ва ташвишни кенг тарғиб этишда шунчалар моҳирки, унинг осмонида нимадир бор.

Мен собиқ Совет даврида яшамадим, аммо унинг эйфориясига ғарқ бўлган катта авлод билан советларнинг кўплаб «мерослари»ни бошдан кечирмоқдаман. Аниқ эсимда, Россияга ташриф буюрганимда маҳаллий муаммоларимиз деярли бир хил эканига гувоҳ бўлдим: давлат хизматчилари меҳнатига муносиб маош олмайди, ташқи «душман»дан ҳимояланиш «консепцияси» давлат хавфсизлиги органларига катта ваколат бериб юборган, ваниҳоят сайловларда қанчадир миқдорда камчиликлар мавжуд.

Россияга биринчи ташрифим собиқ «Камолот» ЁИҲ билан ҳамкорликда Россия ёшлар иттифоқи (РСМ) ташкил этган «Ўзбек-Рус ёшлар форуми» даврига тўғри келди. Очиғи, Россиядаги ҳокимият вакиллари ҳалигача СССР даврини қўмсашини яққол сездириб қўярди. Ҳар гапнинг бирида, собиқ ҳукмрон Коммунистик партия ва Комсомол негизида ҳозирги сиёсий институтлар шакллангани, моҳиятан бизнинг барчамиз СССРнинг давомчилар эканимиз таъкидланди. Ўзбекистон делегацияси бундай муносабатга ўта сезгирлик ва эҳтиёткорона ҳаракатлари билан жавоб қайтариб борди. (Бу воқеалар 2016 йили юз берган) Бу менда илк ташвишнинг пайдо бўлиши эди.

2017 йил Ўзбекистонда кўплаб ислоҳотлар тўлқини «ўзбек баҳори»ни бошлаб берди, Россия, Хитой ва Европа давлатлари бундай ўзгаришларни қизиқиш билан кузатиб борди. Ҳукумат мамлакат ташқи сиёсатининг устувор тамойилларини белгилашда ҳар гал Марказий Осиё минтақасига катта урғу беради. Биргина президент Шавкат Мирзиёевнинг қўшни давлатларга амалга оширган ташрифлари сони бу гапларни ҳақ эканини исботлаб турибди.

Бироқ, Россияда ўтказилган президентлик сайлови бўрон ичра ҳаминқадар тик турган ишонч ҳам сўндирди. Владимир Путин амалда ҳокимиятни сақлаб қолиш ва уни легитимлаштириш учун барча қонуний воситаларни ишга солди, у деярли қуролланиш пойгасини бошлаб берди. Сайловолди кампанияси давомида инсоният учун бир нечта хавфли қуролларни оммага эълон қилган Путин ғалабадан кейин ҳам ўзгармади. АҚШ президенти Дональд Трамп маслаҳатчиларининг тавсиясига қулоқ солмай, Россиядаги ғалаба билан Путинни табриклади.

Фото: РИА "Новости"

Масаланинг нозик нуқтаси Тошкентда ойдинлашади: АҚШ ва Россия олий мартабали дипломатлари Афғонистон масаласида фикр билдириш учун бир стол атрофига ўтиради. Шунингдек, кўплаб очиқ қолган саволлар муҳокама этилиши мумкин. Мен айнан мана шу конференция тинчликка хизмат қилишига ишонаман: у Россия ва АҚШ ўртасида ривожланиб бораётган темир пардани ҳам олиб ташлаши лозим.

Алишер Рўзиохунов

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид