Жаҳон | 23:55 / 22.03.2018
9686
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея суди собиқ президентни ҳибсга олишга ордер берди

Фото: Ли Мёнг-Бак / Agence France-Press

Сеул суди ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилганлик ва порахўрликда айбланаётган мамлакат собиқ президенти Ли Мёнг-Бакни ҳибсга олиш учун ордер берган. Бу ҳақда ТАСС ўз ваколаатхонасига суддан келиб тушган хабарномага асосланиб, хабар бермоқда.

«Сеул марказий суди прокуратуранинг Ли Мёнг-Бакни ҳибсга олиш учун ордер бериш ҳақидаги сўровини қўллаб-қувватлаш ҳақида қарор қабул қилди», — дейилади хабарномада.

2008 йилдан 2013 йилгача ҳокимият тепасида бўлган собиқ президентга нисбатан 20та пунктдан иборат айбловлар илгари сурилган. Уларнинг орасида пора олиш, маблағларни ўзлаштириш ва ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш каби бандлар бор. Хусусан, у Миллий разведка хизматининг (МРХ) ҳисобот бермайдиган махфий жамғармаларидан 10,3 миллион АҚШ доллари, шунингдек, хусусий шахслар ва Samsung сингари йирик корпорациялардан йирик миқдордаги пулларни олишда айбланади.

15 март куни бўлиб ўтган тергов чоғида Ли Мёнг-Бак МРБ вакилларидан 100 минг доллар олганини бўйнига олган, бироқ у бу пулларни нималарга сарфлаганини айтишдан бош тортган. Ўзига нисбатан қўйилаётган бошқа айбловларни рад этган ва уларни сиёсий жиҳатдан асосланмаган айбловлар, деб атаган.

Хусусан, Ли ўзининг укасига тегишли DAS автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи компания билан боғлиқ можароларга алоқадор эмаслигини баён этган. Терговчилар ушбу компаниянинг ҳақиқий эгаси Ли Мёнг-Бак бўлган ва фирмага юридик хизмат кўрсатиш учун давлат ресурсларини ишлатган, шунингдек, ноқонуний йўл билан 30 миллион долларни қўлга киритишда ушбу корхонадан фойдаланган, деган гумонда.

Ли Мёнг-Бак жиноят ишига алоқадор бўлган Жанубий Кореянинг бешинчи собиқ президенти бўлди.

Мавзуга оид