Жамият | 10:40 / 25.03.2018
105468
2 дақиқада ўқилади

Фото: Ўзбекистонда қорайтирилган ойнали автомашинада юришга рухсат этилдими?

Сўнгги пайтларда Тошкент кўчаларида ойналари қорайтирилган авомобиллар тез-тез кўзга чалинмоқда. Бу ҳолатни кўрган ҳамшаҳарларимизда «қорайтирилган ойнали уловда ҳаракатлании мумкин бўлдими?» деган савол туғилмоқда.

ЙҲҲБ ходимларининг ЎзАга берган маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасида қорайтирилган ойнали автомобилда ҳаракатланиш тақиқлангани кўрсатилган. Шунингдек, қоидани бузган ҳайдовчига нисбатан транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш жарима майдонига эвакуация қилинади. Қоидани бузиш энг кам иш ҳақининг 1 баробари билан жазоланади. Агарда вазият яна такрорланса, жарима энг кам иш ҳақининг 2 баробарида белгиланади. Ушбу қоида Ўзбекистон ҳудудида ҳаракатланувчи барча автомобил эгалари учун тааллуқли. Жорий йилда мазкур қоидани бузиш ҳолатлари содир этилган.

«Қўшни давлатдан ўз машинасида ташриф буюрган сайёҳлар ҳам мазкур қоидага амал қилишлари лозим. Ўзбекистон Республикаси чегарасида мамлакатга кириб келаётган хорижий автомашина эгасига ушбу қоидалар биринчи галда огоҳлантирилади ва тушунтирилади. Агар қоида бузилган тақдирда ҳайдовчига нисбатан тегишли чора кўрилади», дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудидаги элчихоналарга тегишли уловлар мазкур қоида билан чекланмаган.

UzA Qarshiyev Aziz
Тайёрлаган UzA Qarshiyev Aziz
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид