Жаҳон | 22:58 / 28.03.2018
6947
2 дақиқада ўқилади

Жулиан Ассанж ташқи дунё билан алоқа қилиш воситаларидан маҳрум этилди

Фото: РИА Новости

Эквадор ҳукумати мамлакатнинг Лондондаги элчихонасида яширинаётган WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни ташқи дунё билан алоқа қилиш воситаларидан маҳрум этди. 

“Бу чора Ассанж томонидан 2017 йил охирида ҳукуматга берган ёзма мажбуриятига амал қилмаслиги билан боғланган. У мажбуриятида Эквадорнинг бошқа давлатлар билан муносабатларига аралашувни кўзда тутувчи хабарлар тарқатмасликка ваъда берганди”, деб айтилган Эквадор ҳукумати баёнотида.

Бироқ Ассанжнинг қайси хабари бунга сабаб бўлгани маълум қилинмаган. 

Эквадор ҳукуматининг фикрича, Ассанжнинг ўзини тутиши ва ижтимоий тармоқлардаги хабарлари Эквадорнинг Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар билан яхши муносабатларига хавф солади. Шу сабабли 27 март куни Ассанж ижтимоий тармоқлардан узиб қўйилган. Шу билан бирга Ассанжга нисбатан қўшимча чоралар кўрилиши мумкин.

Ассанж охирги вақтда твиттерда Каталониянинг собиқ раҳбари Карлес Пучдемоннинг ҳибсга олинишига тааллуқли кўп хабарлар ёзган. У хабарларидан бирида Пучдемонни “Германиянинг биринчи сиёсий маҳбуси” деб атаган.

Бир ҳафта аввалроқ у британиялик жосус Сергей Скрипалнинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолда Буюк Британиядан 23 нафар россиялик дипломатнинг чиқариб юборилишига изоҳ бериб ўтган. Унинг фикрича, Британия бош вазири Тереза Мэй қийин вазиятда қолган. “Агар Москва Скрипалнинг заҳарланиши ортида турган бўлса, унда бу Буюк Британия томонидан жавоб қайтарилиши мақсадида қилинган. Бундай ҳолда Россия ўз ҳаракатларини аввалдан режалаштириб қўйган”, деб айтган Ассанж.

Мавзуга оид