18:39 / 29.03.2018
27210

Тожикистондаги таксилар Ўзбекистонга саёҳат қилишга чорламоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатлари ўртасидаги виза режими бекор қилиниши муносабати билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўшни мамлакатлардан кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш мақсадида турли усуллардан фойдаланмоқда. Тожикистон шаҳарларидаги такси хизматлари автомобилларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик масканлари рекламаси акс этмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматига кўра, бундай реклама майдонларининг мавжудлиги Тожикистон аҳолисини Ўзбекистон бўйича саёҳатларга қизиқтириш ва унинг диққатга сазовор масканлари ҳақидаги маълумотларни оширишга қаратилган. 

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тарғиботи деярли бутун дунё бўйича олиб борилмоқда. Чет эллардаги элчихоналарда бу йўналишда турли тадбирлар ўтказилмоқда, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига доир тақдимотлар қилинмоқда. Етти давлатга виза режими бекор қилиниб, яна қатор мамлакатлардаги виза режими соддалаштирилиши эса сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада оширди. 

Хориж ОАВ вакиллари Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларига ташриф буюриб, улар тўғрисида кўрсатувлар тайёрлашмоқда. Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистонда эса бу йўналишда жуда катта ишлар олиб борилмоқда. Буюк Ипак йўли туристик тизимининг йўлга қўйилиши, икки томонлама турларнинг ташкил этилиши, Қозоғистон кўчаларида Ўзбекистонга саёҳатга чорловчи баннерлар, турли флеш-моблар, роликлар шулар жумласидандир. 

Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида мунтазам маълумот олишни истасангиз, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг @uzbekistantravel телеграм-каналига аъзо бўлинг ёки www.uzbekistan.travel сайтини кузатиб боринг.

 

Top