1000 одамлик навбат - Урганчда сув ўлчагич билан боғлиқ муаммолар ҳақида
Яқинда сув ҳисоблагич ускунасини давлат стандартидан ўтказиб олиш мақсадида, Урганч шаҳридаги «Туямуюн - Урганч» Минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш давлат унитар корхонасига (МСКФ ДУК) бордим (халқ тилида бу Водоканал ёки «Сувоқава» идораси дейилади).
Корхона ходимлари менга сув ҳисоблагични ўзим пломбасини бузган ҳолда ечиб олишимни, кейин давлат стандартидан ўтказиб, сертификат ва пломба билан олиб келишим кераклигини айтишди.
Биринчи огоҳлик қўнғироғи шу жойда янгради. Ахир пломбани ечиб олишда «Сувоқава» назоратчиси иштирок этиб, далолатнома тузилиши керак эмасми? Пломбани ўзим ечиб олсам, ўзбошимчаликка кирмайдими? Шунда водоканал ходими маҳалла назоратчилари штатлари қисқартириб юборилгани, натижада буни расмийлаштирадиган ходим йўқлигини айтди. Майли.
Сув ўлчагични давлат стандартидан ўтказиб, унинг сертификати билан пломбани олиб, яна «Сувоқава»га келдим. Энди сув ўлчагични қайтадан пломбалаш ва бу ҳақда далолатнома тузиш керак эди. Бу сафар ҳам жавоб аввалгидек бўлди: «Бизда пломбалаб берадиган ходим йўқ. Қачон штат берилса, шунда уйингизга боришади».
«Мажбурий ижро бюроси ходимлари келиб, пломба йўқлигини кўрса, мени жаримага тортиши мумкин, пломбалаб беринг», деб қаттиқ туриб олганим фойда бермади. «Сувоқава» менга «мана шуни кўрсатасиз» - деб, пломбалаб бериш ҳақидаги ўз аризамнинг нусхасини берди холос. Унда фақат ўзимнинг имзом бор эди. Вазиятни кузатиб турсам, менга ўхшаган кўплаб фуқаролар шундай жавобни олиб, қайтиб кетишаётган экан.
Хўш, сув ўлчагичда пломба йўқлиги нимани англатади? Аниқлик киритиш мақсадида, Маъмурий жавобгарлик кодексини очиб кўрамиз.
Унинг 163-моддасида шундай дейилган: Водопровод пломбаларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Водопровод пломбаларига қасддан шикаст етказиш деганда нима назарда тутилган?
Ҳар қандай ўлчагичларнинг пломбаси тегишли ташкилотларнинг назоратчилари иштирокида бузилиши ва бу ҳақда далолатнома расмийлаштирилиши шарт. Бундай далолатноманинг йўқлиги - пломбаларга қасддан шикаст етказиш деб баҳоланади.
Маъмурий кодексга асосан, сув ўлчагичда пломба йўқлиги сабабли, ҳар қандай мижоз энг кам иш ҳақининг 5 баробаридан 10 баробаригача ёки бугунги кунда 861200 сўмдан 1722400 сўмгача жаримага тортилиши мумкин.
Муаммо юзасидан «Туямуюн - Урганч» МСКФ ДУК Урганч давлат унитар корхонаси Урганч шаҳар бўлими бошлиғи Санжар Ходжаназаров билан учрашдим. У қуйидагича изоҳ берди.
«Урганч шаҳри бўйича ҳар бир маҳаллада инспекторларимиз бор эди. Уларнинг сони қирққа яқин эди. 18 январгача уларнинг барчаси қисқартирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5241 қарори ва Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги буйруғига асосан шундай қилинди. Айни пайтда, сув ўлчагичларни пломбалаш учун бизга штат бирлиги ажратилмаган. Бу ишни қиладиган махсус ходим йўқ. Аҳолидан сув ўлчагичларни пломбалаб берилиши бўйича тушган аризалар сони эса бугунги кунда 907тани ташкил қилади».
Хоразм вилояти «Туямуюн - Урганч» МСКФ ДУК метрология бўлими муҳандиси Хушнуд Жуманиязов вазиятга қуйидагича изоҳ берди.
«Айни пайтда, сув ҳисоблагич ускуналарини пломбалаш бизнинг бўлимимизга юклатилган. Унда бўлим бошлиғи ва мен, жами икки киши ишлаймиз. Вақт топилди дегунча, баҳоли қудрат, навбатма-навбат пломбалаш ишларини амалга оширяпмиз. Бу билан шуғулланадиган алоҳида штат бирлиги йўқ».
Ҳисоблаб кўриш қийин эмас, агар мижознинг сув ўлчагич асбобини пломбалаш ва далолатнома тузишга ўртача 1 соат вақт сарфланади десак, 907та хонадонга бир ходим хизмат кўрсатганида, 115 кун ёки уч ойдан ортиқ вақт кетади! Пломбалаш учун ариза бераётганлар сони эса кундан-кунга ортиб бормоқда.
«ПФ-5241» бу Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 17 ноябрь куни имзоланган «Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармондир.
Ҳужжатда ҳақиқатдан ҳам, назоратчиларни қисқартириб юбориш ҳақида 5-банд мавжуд:
«Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги зиммасига қуйидаги ишлар юклатилган:
- икки ой муддатда (2018 йил 18 январгача - изоҳ Kun.uz'ники) тегишли функцияларнинг Бюрога (Мажбурий ижро бюроси - изоҳ Kun.uz'ники) ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда «Сувоқава» ва «Сувсоз» давлат унитар корхоналарининг назоратчи штат бирликлари қисқартирилиши таъминлансин».
Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фармоннинг мана шу бандини бажариш учун назоратчилар штатларини қисқартириб юборган.
Энди фармоннинг 3-банди «б» қисмига қараймиз:
«Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги қуйидагилар учун жавобгардир:
- истеъмолчиларга ўрнатилган сув истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг алмаштирилиши, ўрнатилиши ва эксплуатация хизмати кўрсатилишини, шунингдек, Бюро билан биргаликда улар пломбаланишини таъминлаш;».
Яъни «Сувоқава» сув ўлчагич асбобларини МИБ (Мажбурий ижро бюроси) билан биргаликда пломбаланишини таъминлаши лозим.
Бу масала юзасидан Урганч шаҳри Мажбурий ижро бюроси, «Энергия ва сув ресурслари таъминоти соҳасида қарзларни ундиришни ташкиллаштириш бўлими» инспектори Худайберганов Ботирдан изоҳ сўрадик.
«Бюро сув ўлчагичларни пломбалаб бермайди. Бироқ, уни пломбалаш ва далолатномани расмийлаштириш жараёнида иштирок этади, уни қайд қилади. Президент фармонида кўзда тутилган банд шуни англатади», деди Худайберганов.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлда қабул қилган «Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 194-сон қарори ҳам мавжуд.
Унинг V моддаси 63-бандида шундай дейилади: «Сув ўлчаш узели ИСКХ ташкилоти томонидан пломбаланиши лозим. Пломбаланмаган ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади».
Сув ўлчаш узели — сув ҳажмини ўлчашни таъминлайдиган асбоб ва қурилмалар мажмуи (шу қарорнинг I моддасида).
Хулоса қиладиган бўлсак, Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 5241-сонли Президент фармони 5-бандига асосан, назоратчилар сонини қисқартириб юборган. Аммо, 3-бандига асосан, пломбалаш билан шуғулланадиган техник ходимлар штатини яратишга нима тўсқинлик қилганини тушуниш қийин.
Ташкилот бу ишларни МИБ ходимлари ваколатига киради дейишига асос йўқ. Бундан ташқари, Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига қарашли МСКФ ДУКлар ночор корхона ҳам эмас, улар янги штат бирлигини очиб, техник ходимларни ишлатишга қодир.
Ҳозирги кунда Урганч шаҳрининг ўзида сув ўлчагичнинг пломбаланишини кутиб турган мижозлар сони мингтага яқинлашган. Хоразм вилоятининг бошқа туманлари, қолаверса Республикамизнинг бошқа вилоятларидаги вазиятни тасаввур қилиш - одамни хавотирга солади. Умид қиламизки, вазирлик бу муаммони қисқа вақт ичида ижобий ҳал қилиб, аҳолининг ижтимоий ҳуқуқларини таъминланишига шароит яратади.
Зеро, айни пайтда, минглаб хонадонлар ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли, қонунбузар мақомига эга бўлиб турибди. Улар МИБ ходимлари томонидан жаримага тортилмайди деб ҳеч ким кафолат беролмайди.
Нурмуҳаммад Саид