Ўзбекистон | 12:07 / 03.04.2018
16729
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик чегарачилар Ўзбекистон ҳудудидаги ёнғинни ўчиришда ёрдам беришди

Фото: Pixabay

Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистон фуқаросининг уйида юз берган ёнғинни ўчиришга ёрдам беришди. Унинг уйи Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-Бўка тумани Тенги қишлоғи тўғрисида жойлашган. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегара хизмати (ДЧХ) жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилмоқда.

Унинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудида, Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегараси яқинида Ўзбекистон фуқаросининг уйида газ баллони портлаб кетган, олов бутун уй бўйлаб тарқалган. «Ёнғин Ола-Бўка чегара отрядининг «Кок-Серек» чегара заставаси ҳарбий хизматчилари томонидан пайқалди, улар Қирғизистон ҳудуди бўйлаб оқиб ўтувчи каналдан давлат чегараси чизиғига қадар сув етказиб беришни дарҳол ташкил этишган. Шу тариқа, Қирғизистон чегарачилари ҳаракатлари туфайли ёнғин бутунлай ўчирилган», - дейилади хабарда.

«Биз Ўзбекистон ҳудудида уй ёнаётганини кўриб қолдик, бироқ бу ердан давлат чегараси чизиғи ўтгани туфайли, биз сувни каналдан чегарага қадар етказиб берилишини ташкил қилдик», - дея Ола-Бўка чегара отряди «Кок-Серек» чегара заставаси бошлиғи Одилбек Исроил ўғлининг сўзларини келтиради ДЧХ.

Мавзуга оид