“Журналист экансан, устидан ёз болам...” (ҳаётий воқеа)
Бу мавзу ҳақда анчадан буён ёзгим келиб юрарди, насиб қилди, кечаги бир суҳбатдан сўнг энди сўз очмоқчиман. Кеча мобил телефонимга қўнғироқ бўлди, жавоб берсам, аёл кишининг овози. Салом бердим.
- Ва алайкум ассалом. Болам, сен KUN.UZ’да ишлайсанми?
Тасдиқладим.
- Менга бозордан “учга тўрт” ўлчамда дўкон ажратишганди. Ўзимнинг ёшим олтмишдан ўтди. Шу дўконни ишлатишни бошлаганимдан кейин бир миллиардер бола мени ишлашимни кўра олмай, судга бериб, роса овора қилди.
- Сизни нега судга беради?
- Савдо қилишимни кўра олмайдими ёки бошқа сабаблари борми билмайман. Охири Олий судгача бордим, у ерда менинг фойдамга якуний қарор чиқариб беришди. Лекин у бола мени яна тинч қўймайдими дейманда...
- Қайси маънода тинч қўймайди? Дўқ қиладими, тўсқинлик қиладими? Қўлингизда Олий суднинг ҳукми бўлса, ҳуқуқингизни ҳимоя қилувчи давлат органлари бор. Қолаверса, у болани миллиардер деяпсиз, сизнинг дўконингиз билан иши бўлмас-ов... Майли, онахон, мендан нима хизмат?
- Шуни устидан битта ёзиб юборгин болам, харажати мендан...
Устимдан муздек сув қўйгандек бўлди, йўқ, йўқ, бу таъриф камлик қилади, ҳолимга маймунлар йиғлагандек эмас, кулгандек бўлди. Телефонни индамай ўчирдим-да, хаёлга толдим. Нега биз бундаймиз-а? Имконият яратилмаса, дод адолат йўқ, инсон ҳақ-ҳуқуқлари оёқ ости бўлмоқда, деймиз. Бунга имконият берилса, сайёралардек-сайёралардек талабларимиз, истакларимиз пайдо бўлади. Энг ёмони журналистларни “ёзувчи”га чиқариб, иғво бошламоқчи бўламиз.
Мен янги давр журналистиман. Бу - “ёзувчи” деган салбий қарашлар қаердан келиб чиққан билмайман. Балки ўша “қулоқ” қилинган замонлардан қолгандир, балки ундан кейин пайдо бўлгандир, аммо гап шундаки, тунлари бедор бўлиб, бирор бир манфаатдан умидвор бўлмай, мана шу одамлар ташвишида, дардида чопсанг-у, сенга қўнғироқ қилиб, “устидан ёзиб юбор” дейишса...
Ҳа, ука, кўнглингизга яқин олманг, бир аёл ақли етмай гапирибди-да, шунга ҳам сиқилиб ўтирасизми, дейишингиз мумкин. Жавобим қатъий – ҳа, сиқиламан, мени “ёзувчи”га чиқаргани учун эмас, балки миллат сифатида, халқ сифатида бир-биримизни тушуниб етмаётганимиздан, бирлашмаётганимиздан, ҳали-ҳамон ҳақиқий ўзбек бўла олмаётганимиздан сиқиламан.
Мана, KUN.UZ таҳририятига ҳар куни юзлаб мурожаатлар келиб тушади. Бориб ўрганасиз, ҳал этасиз, кутасиз, суҳбатлашасиз, асаблар таранглашади, бедорлик... Бу жараёнларга аралашмай, миллат ишига қўшилмай, панада турганча дод дейиш ва ўз шахсий манфаати йўлида журналистларни “ёзувчи”га айлантириш инсофданми? Журналистлар ҳақида шундай ўйлашнинг ўзи адолатданми? Журналист шахсияти ҳақида ана шундай фикр юритилаверганидан бирор давлат ташкилотига борсангиз, юзлари тиришади “уф, ана, ёзувчи келди” деб. Айрим раҳбарларнинг очиқ айтган пайтлари ҳам бўлган.
Бутун журналистлар номидан гапиришга ҳақли эмасман, аммо одамларга – халқимизга бугун айтар сўзим шуки, бугун замон мутлақо янги шаклда, янги мазмунга эга. Бугун даврнинг фидойиларга эҳтиёжи бор. Жонини жабборга бериб, касбига содиқ журналистларни асрайлик, уларни фаросатсизларча хафа қилмайлик, сал тафаккур юритайлик. Улар сиз айтаётган “ёзувчи”лар эмас, улар журналистлар. Сизнинг, менинг, унинг МИЛЛАТнинг дардида ёнаётган журналистлар...
Сарвар Анвар ўғли
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
09:24 / 08.04.2023
Россия ўлдирилган журналистлар сони бўйича Европада етакчилик қиляпти
08:59 / 05.04.2023
Журналист Соҳибжон Алижонов вафот этди
09:26 / 24.03.2023
Беларусда журналистларга янги суд ҳукмлари чиқарилди
10:39 / 08.03.2023