Жаҳон | 21:30 / 08.04.2018
5404
2 дақиқада ўқилади

Қатар амири Араб давлатлари лигаси саммитида иштирок этади

Қатар амири шайх Тамим бин Хамал Ат-Таний. Фото: Reuters

Қатар амири шайх Тамим бин Хамал Ат-Таний 15 апрель куни Саудия Арабистонининг Дахран шаҳрида бўлиб ўтадиган Араб давлатлари лигаси (АДЛ) саммитида ўз мамлакати делегациясига бошчилик қилади. Кувайтнинг "Ар-Рай" газетаси араб дипломатияси манбаларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди

Манбада қайд этилишича, амирлик ТИВ расмий вакили Лулва Ал-Хатир Қатар инқирози масаласи юқори даражали учрашув кун тартибига қўйилмаслигини таъкидлаган. Қатарлик дипломат мамлакат расмийлари АДЛ бош котиби Аҳмад Абу Ал-Ғайт томонидан таклиф қилингани ва саммитга албатта келишини тасдиқлаган эди.

Лигага кирувчи Саудия Арабистони, БАА, Бахрайн ва Миср 2017 йилнинг июнидан буён Қатар билан алоқани узганлиги туфайли унинг саммитда қатнишиш масаласи ноаниқ эди. 

Бундан аввал араб давлатлари йиғилишлари бир неча маротаба ўзаро можароларга сабаб бўлганди. Таъкидлаш жоизки, Ар-Риёд ва унинг иттифоқдошлари Қатар раҳбариятини терроризмни қўллаб-қувватлашда айблашган. Доҳа, ўз ўрнида адолатсиз қамал ва давлат суверенитетига дахл қилинишидан норози бўлган.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид