Спорт | 18:00 / 08.04.2018
25427
4 дақиқада ўқилади

Мадрид учун жанг. Ҳафта дербиси анонси

Фото: AFP

Олтин медал масаласи ҳал бўлган турнирда кумуш медал учун икки Мадрид жамоаси кураш олиб бормоқда. Айни вақтда «ҳиндулар» рақибидан 4 очко олдинда.

Еврокубоклар ҳафтасига тўғри келган бўлишига қарамасдан бу ўйинда жамоаларнинг таркибда сезиларли ротациялар қилишига ишониш қийин. Боз устига «Реал» ва «Атлетико» чорак финал масаласини деярли ҳал қилиб бўлишди. Энди эса бор эътиборни Мадрид учун жангга қаратиш ҳам мумкин.

Ким ўйинни ТВ қаршисида кўради?
Зиданда жиддий йўқотишлар йўқ: фақатгина Начода бироз жароҳат мавжуд, аммо буни қўрқинли деб бўлмайди, сабаби Карвахалда барчаси жойида. Шунингдек, дербида Ашраф, Вальехо, Себальос ва Майораль иштирок этмайди – шунчаки улар мураббий томонидан қайдномага киритилмаган.

«Атлетико»да иккита жиддий йўқотиш бор: Фелипе Луис ва Хименес даволанмоқда. Иккаласи ҳам «Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтадиган учрашувда майдонга туша олмайди. Врсалькода эса имконият бор: у жароҳатидан тўлиқ тузалиб улгурди.

Жамоалардаги вазият
Костанинг «Атлетико»га қайтиши фойдали бўлиб чиқди: сўнгги 15 учрашувда «ҳиндулар» фақатгина икки марта («Барса» ва «Вильярреал») имкониятни бой берди. Симеоне жамоаси билан Европа Лигаси ярим финалига деярли чиқиб бўлди. Энди ҳеч ким жамоани Ла Лиганинг кучли учлигидан чиқариб юбора олмаса керак. Муносиб мавсум.

«Реал»да ҳаммаси ажойиб. Мавсум якуни арафасида «Мадрид» даҳшатли спорт формасига кирди ва сўнгги 12 учрашувда 11 ғалабани қўлга киритди. Жумладан «ПСЖ» (икки марта) ва «Ювентус» мағлуб этилди. Баҳор бошланганидан буён мадридликлар 6 учрашув ўтказиб барчасида ғалаба қозонди, бу ўйинларда урилган 19 голдан 11таси Криштиану Роналду ҳисобига ёзилди. Португалиялик ҳужумчиси ва Зизуда ҳозир «пик» давр.

Юзма-юз — фактлар
Бу тўқнашув барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда, 219-марта Мадрид учун кечаётган жанг бўлади. «Реал» уларнинг ярмида ғалаба қозонган – 109  марта.
«Реал» мана 4 учрашувдирки, Ла Лига доирасида «Атлетико»ни «Сантьяго Бернабеу»да ўйнаб юта олмаяпти (1 дуранг ва 3 мағлубият).
«Мадрид» Ла-лигада 228 марта дарвозага аниқ зарба берди – бу ҳозирча энг яхши кўрсаткич.
«Атлетико» эса 96 марта ўз дарвозасига аниқ зарба йўлланишига қўйиб берди.
Роналду «Атлетико» қарши 30 ўйинда 21та гол киритишга муваффақ бўлган. У дербидаги энг яхши тўпурар саналади.
Сўнгги 11 учрашувда Гризманн 13та гол ва 4та голли узатмани амалга оширди.

Ўйин
Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:15да бошланади. Ғалаба қозонган жамоа кумуш медаль учун курашда имкониятларини яхшилаб олади. Кўрамиз ва кузатамиз. Мадрид қаймоқрангмикан, ёки қизил-кўк?

Азамат Муродов тайёрлади

Azamat Murodov
Тайёрлаган Azamat Murodov
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид