Технология | 09:35 / 11.04.2018
7409
2 дақиқада ўқилади

Дубайда яқин орада автомобил рақамлари полицияни чақиртирадиган бўлади 

Фото: RTA

БААда яқин орада автомобиллар учун “ақлли” давлат рақамларини жорий қилиш режалаштирилмоқда. 

Гап одатдаги металл белгиларнинг рақамли муқобиллари билан алмаштирилиши ҳақида кетмоқда.

Таъкидланишича, бундай “ақлли” рақамлар ҳайдовчиларнинг турмушларини анча енгиллаштиради.

Биринчидан, рақамли давлат белгиларини шикастлангани сабабли алмаштиришга эҳтиёж бўлмайди, иккинчидан автомобил сотилганда унинг рақами алмаштирилиши талаб қилинмайди, чунки янги рақам автомобил рўйхатдан ўтказилгандан кейин таблода автоматик равишда пайдо бўлади.

Бундан ташқари, янги белгилар автомобилни олиб қочилишидан сақлайди ва авария ҳолатида фавқулодда хизматларни чақиртира олади. Автомобилнинг ҳаракатланиши ҳақидаги барча маълумот рақамларга ўрнатилган узаткич ва чиплар орқали узатилиб турилади.

Ушбу технология май ойида синовдан ўтказилиши кутилмоқда. Агар синов муваффақиятли ўтган деб топилса, унда янги рақамлар кейинги йилдан жорий қилина бошланади.

Рақамли белгилар ғояси янги эмас. Аввалроқ бундай рақамларни қўллашга АҚШнинг Калифорния штати раҳбарияти рухсат берганди. Ўлчами стандарт металл давлат рақамларидек келадиган электрон таблода бошқа ҳайдовчиларга хабарлар берилиши мумкин, машина парковка қилинганда эса таблода реклама ва полиция учун муҳим ахборот чиқиб туради.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид