09:13 / 11.04.2018
12705

Узр ва афсус: Цукерберг АҚШ конгрессида нималар ҳақида гапирди?

Фото: Recode

Facebook ижтимоий тармоғи раҳбари Марк Цукерберг сешанба куни АҚШ конгрессидаги очиқ эшитувларда кўрсатма берди. Бу компания фаолияти билан боғлиқ хавотирлар ортиб бораётгани фонида содир бўлди.

Цукерберг сенатнинг бирданига икки қўмитаси олдида чиқиш қилди – юридик ва савдо. Савол бериш истагида бўлган кўплаб қонун чиқарувчилар туфайли столлар иккинчи қатори ўрнатилди. Эшитувлар беш соатдан ортиқ давом этган.

Цукерберг иштирокидаги эшитувлар йирик можаро фонида рўй берди – ижтимоий тармоқнинг 87 миллион фойдаланувчиси маълумотлари Британиянинг Cambridge Analytica компаниясига хато туфайли бериб юборилгани аниқланди.

Марк қонун чиқарувчилар олдидаги чиқишини ушбу можаро учун узр сўрашдан бошлади, у рўй берган ҳолат учун барча масъулиятни зиммасига олди.

Саволларнинг аксарияти фойдаланувчилар маълумоти хавфсизлиги, Россиянинг Америка сайловларига аралашуви ҳақида бўлди.

Цукерберг эшитувлар давомида кўплаб бошқа саволларга ҳам жавоб қайтарди. Хусусан, у Facebook ҳар доим фойдаланувчилар учун бепул бўлишини тасдиқлади, сабаби компаниянинг асосий мақсади – бутун дунё бўйлаб одамларни бирлаштириш. Унинг ишонтиришича, компания реклама берувчиларга фойдаланувчилар маълумотларини сотмайди, Facebook’нинг ўзи хусусий компанияларнинг маълум миқдордаги мурожаатидан сўнг керакли одамларга чиқади.

"Биз рекламани керакли одамларга маълумотларни реклама берувчилар билан бўлишмасдан туриб кўрсатишимиз мумкин", - дея аниқлик киритди Цукерберг.

Унинг тан олишича, интернетни тартибга солиш ҳақидаги мунозара жуда муҳим, ҳамда у АҚШ конгрессига интернетни тартибга солишнинг янги қоидаларини жорий этиш учун барча керакли ахборот ва техник қўллаб-қувватловни беришга ваъда қилди.

Цукерберг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз маълумотларини қандай қилиб хавфсиз ҳолда сақлаши мумкин экани ҳақидаги саволга оддий жавоб қайтарди - "сизда бунинг учун барча воситалар бор". Компания раҳбарининг ваъда беришича, аккаунт ўчириб юборилганида, фойдаланувчига тегишли бўлган барча маълумотлар ҳам архивдан ўчирилади.

Цукерберг Cambridge Analytica билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, масала ёпиқ эканини айтди. "Улар бизга маълумотлардан фойдаланишмагани ва уларни  ўчириб юборишганини айтишди. Биз сиёсатимизни янгиладик, бу шу хато яна такрорланмаслиги учун қилинди", - дея айтиб ўтди у. Унинг қайд этишича, бу компания тўлиқ аудитдан ўтказилади.

"Агарда биз кимдир маълумотлардан қандайдир мақсадда фойдаланганини аниқласак, уларни Facebook’да блоклаймиз ва барчани огоҳлантирамиз", - деган Цукерберг.

Цукерберг Facebook компаниясини бошқаришдаги “энг катта афсуси” ҳақида ҳам айтиб ўтган. Бу фойдаланувчилар маълумотининг сизиб чиқиши эмас, балки Россиянинг ижтимоий тармоқдаги фаолиятига “секин реакция билдирилиши” экан. У рўй берган ҳолатни Россия билан интернетдаги “қуролланиш пойгаси” деб атаган.

"Бу қуролланиш пойгаси. Россияда бошқаларнинг сайловларига аралашишга ҳаракат қиладиган одамлар бор экан, бу пойга давом этади", - дея айтиб ўтди Цукерберг.

Унинг сўзларига кўра, 2018 йил охирига келиб компаниянинг хавфсизликни таъминлаш бўлимида тахминан 20 минг янги ходим ишлайди.

Бундан ташқари, Цукерберг компания Америка махсус прокурори Роберт Мюллернинг офиси билан ҳамкорлик қилаётганини тасдиқлади. 

Top