Жамият | 22:54 / 12.04.2018
98946
5 дақиқада ўқилади

«Малика» бозори: аслида нималар бўлган ва нима ўзгармоқда?

Фото: KUN.UZ

Сўнгги пайтда ижтимоий тармоқ саҳифаларида халқ орасида «Малика» савдо маркази сифатида танилган бинода савдо қилаётган тадбиркорлар нохуш кайфиятда акс этган видео лавҳалар кўпайиб қолди. Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш учун савдо маркази маъмурияти билан суҳбатлашди.

Маълум қилинишича, собиқ «Малика» ишлаб чиқариш бирлашмаси биноси ва унга тегишли мулклар 1994 йили Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси (ҳозирда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси сифатида қайта ташкил этилган) томонидан хусусийлаштиришга тегишли тартибда чиқарилганди.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Premium Prime Service МЧЖ директори ўринбосари Азимов Асқарнинг таъкидлашича, «Малика» биносининг хусусийлаштирилиши чоғида ҳуқуқий камчиликларга йўл қўйилганди. Шуни эътиборга олиб, прокуратура ходимлари ҳокимнинг тегишли қарори юзасидан тақдимнома киритиб, иш суд тартибида кўриб чиқилганди.

«​Узоқ вақтдан бери суд мазкур ишни бир нечта инстанция босқичларида кўриб чиқди, прокуратура тақдимномасини қаноатлантирган. Бинонинг собиқ эгалари бўҳтон ва туҳматлар билан қонуний чиқарилган қарор ва ҳукмларни чиппакка чиқармоқчи бўлди. Шундан сўнг, собиқ «Малика» тасарруфида бўлган барча мулклар Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига талаб қилиш шарти билан қайтарилди»​, дейди Азимов.

Ҳақиқатан, 2018 йил 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов тасдиқлаган ҳужжатга кўра, бино Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобига ўтказилгани, савдо маркази ижара шартномаси асосида хўжалик юритувчи субъектларга берилиши маълум қилинди.

«​Биз ҳам ўрнатилган тартибга риоя қилган ҳолда, Шаҳар бинолардан фойдаланиш департаменти ва Давлат мулкини ижарага бериш маркази билан учтомонлама шартнома тузганмиз. Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, 1 кв метр учун ўртача 213,445 сўм ижара ҳақи тўланади, бир ойда ўртача ҳисобда 900 миллион сўмдан ортиқ ижара пулини давлат ғазнасига тўламоқдамиз. Бу рақамларни аввалги давр билан солиштирсак, (бино хусусий мулк эътирофида бўлган пайт - таҳр.) мажбурий тўловлар умумий суммаси 100 миллион сўмдан зўрға ошганди. Вазиятга баҳо бериб, англаш мумкинки, давлат тасарруфида турган бинодан фойдаланганлик учун ижара ҳақини тўлашимиз анча манфаатли бўлмоқда, яъни даромадлар қора схема орқали шахсий чўнтакка тушиб қолмаяпти»​, дейди директор ўринбосари.

Азимовнинг сўзларига кўра, собиқ «Малика» ишлаб чиқариш биноси аслида сунъий банкротлик қурбонига айланиб, шахсий манфаати ва нафсини ўйлаган кимсалар томонидан талон-тарож этилган.

«​Бинонинг собиқ эгалари ҳалигача бизга тазйиқ қилиб, «раҳнамолари» ёрдамида турли йўллар билан ташвиш туғдирмоқда. Аслида биз ҳалол ва қонун устуворлиги тамойили асосида иш олиб боряпмиз. 

Савдо маркази А блокида жойлашган дўконларда инновацион Showroom ташкил этишни режалаштиряпмиз, яъни харидорлар ёруғ ва кенг хонада маиший техника, аудио ва видео товарларни кўздан кечириши, мутахассис маслаҳати билан танишиши мумкин. Харидлар расмийлаштириладиган ва асосий дўкон сифатида Б блокда жойлашган дўконлар қайд этилади. 

Бунинг бошқа афзаллик томони бор, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият олиб бораётган ишбилармонлар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, ишчилар билан расман меҳнат шартномаси тузади. Гап шундаки, қонунчиликдаги нормага кўра, 10 кв метр ҳудуддан катта жойда ноозиқ-овқат чакана савдо фаолиятини олиб бораётган ишбилармонлар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши керак. Биздан айнан қонун талабини амалга ошириш учун тадбиркорларга огоҳлантириш хати юбориб, фаолиятини ўрнатилган тартибга кўра мувофиқлаштириш сўралмоқда. Бунинг ваҳима қиладиган ёхуд ноқонуний жиҳати йўқ»​, дейди Асқар Азимов.

Маълумот учун, савдо маркази Б блоки умумий майдони 1200 кв метр бўлиб, Premium Prime Service МЧЖ ва унинг иқтисодий ҳамкорларига қарашли 10та дўкон, ундан ташқари 34та дўкон мавжуд. Эндиликда дўконлардаги савдо қилиш майдони қисқартирилиб, талабгорлар учун янги ҳудуд ҳозирланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид