10:29 / 13.04.2018
91930

Тошкент ИИББ бошлиғи «соқол қўйиб юриш модасига» изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев Учтепа тумани аҳолиси билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида пойтахт ёшлари ўртасидаги «соқол қўйишга бўлган модага» изоҳ берди, деб ёзмоқда Газета.uz.

Туманда яшовчи шахслардан бирининг учрашувда таъкидлашича, Тошкентда сўнгги вақтларда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган йигитлар ўртасида «соқол қўйишга бўлган мода» тарқалди (гап айнан узун соқол ҳақида кетган). «Агар бунинг олди олинмаса, унда 2019-2020 йилга келиб Тошкентдаги барча ёшлар соқол қўйиб юради», - дея маълум қилган у залдаги қарсаклар фонида.

ИИББ раҳбари залга мурожаат қилиб, қарсаклар нима сабаб бўлганига изоҳ сўраган. Учрашувда бўлганлар эса бу «жуда яхши ва тўғри савол» эканини айтишган.

«Барчамиз, бу ерда ўтирганларнинг ҳаммаси бу қонунчилик билан тақиқланмаганини тушунамиз. Исталган шахс буни қилиши (соқол қўйиб юриши) мумкин», - деди Рустам Жўраев.

Унинг қўшимча қилишича, бу масалага муносабат «биз фарзандларимизга қандай тарбия берганимиз ва уларни маданий жиҳатдан нималарга ўргатганимизга» боғлиқдир.

Top