21:23 / 16.04.2018
38732

Президент Сирдарё мисолида халққа мурожаат қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрел куни Сирдарё вилоятида ўтказилган йиғилишда нутқ сўзлаб, гўёки Сирдарё мисолида бутун миллатга мурожаат этди. Ушбу нутқни якунловчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.  

«Бир-биримизга бўлган муносабатимиз илоҳим абадий бўлсин. Нима учун ўзим юрибман? Баъзилар айтади «Эҳ, бу президентнинг ишими?!»​. Кечирасизлар, лекин мен битта инсонни иш билан таъминлашга юз кун юришга тайёрман. Битта нарсадан розиман: бугунги Сирдарё вилоятининг тадбиркорлари кечаги тадбиркорлар эмас. Уларнинг менга қўяётган саволларидан мен жуда ҳам розиман. Ишонаман, йўлимиз тўғри, ишонаман, одамларимиз салгина бўлса ҳам ишоняпти. Ишонаман, тўсиқлар-коррупция, порахўрлик, олдинги ноинсофлик, баландпарвоз гаплар йўқлигини одамларнинг кўзи билдириб турибди. Шу менга куч беради. Албатта бир йилда, икки йилда ёки уч йилда бундай катта-катта ислоҳотларни қилиш осон эмас. Ҳар бир қўйган қўлинг, «сен президентсан»​, халқнинг олдида жавоб берасан.

Мен қўл қўйишдан аввал юз карра, минг карра ўйлайманки, узоқ қишлоқда ўтирган онамиз, отамиз, укамиз, ўғлимиз нима деяр экан, унга нима ёрдам беради, шу тўғри ёки нотўғри эканлиги, мени ҳар сафар қийнайди. Ҳар куни эрталаб Аллоҳ Таолодан сўрайманки, куч бергин, ақл бергин дейман. Нимага? Бундай катта ва буюк давлатнинг одамларининг эртанги кунини хотиржам, тинчликда, осойишталикда уларнинг ниятларини амалга оширишда, уларга елкадош бўлиш, ҳамнафас бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилмаган. Шунинг учун албатта бугун мана шундай катта ниятлар қилганимизда ҳар сафар мана шу Сирдарё мисолида айтмоқчиманки, қўлимиздан келмаган иш йўқ аслида. Биз ҳаммамиз бирлашиб, садоқатли бўлиб, гина, ғийбатларни унутиб, бир-биримизга тўғри гапириш керак бўлган вақтимиз келди. Аллоҳ Таолодан бошқа ҳеч кимдан қўрқманглар. Сирдарёни биласизларми қандай тасаввур қиламан? Шундай бир чиройли, иқтисоди, саноати, тадбиркорлик ривожланган вилоят бўлишига ишонаман.

Сирдарёнинг халқи кўп миллатли халқ.Сирдарёда ҳеч қачон ғийбат бўлмаган. Ўша оғир пайтларда ҳам Сирдарё бошқача вилоят бўлган. Бошқача томони шу бўлганки, бир оила бўлиб яшаганмиз. Бу сизларнинг натижаларингиз, муваффақиятларингиз ва ғалабаларингиз десам тўғри бўлади. Шунга кўз тегмасин. Дунё ҳамжамиятини олдида кечагидан бугун, бугунгидан эртага нисбатан яхши ишлашимиз керак. Биз қанчалик ҳозир қийналиб меҳнат қилсак, қилган нарсаларимизни амалга ошира олсак, нутқ сўзлаган оқсоқолимиз айтгандек, ўзимизнинг боболаримизга муносиб бўламиз. Маҳалла раиси, ҳоким, прокурор, ички орган ходимлари ҳам Худо насиб қилгани учун ўтирибди лавозимида. Муносибманми йўқми, деб айтсак, тепада турган Аллоҳ бизга баҳони тўғри беради.

Сирдарёда ўзгариш бор. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Эртага нима қилишимиз, режамиз аниқ. Эртадан бошлаб Сирдарё намунаси, садоқат намунаси (элга, ватанга,оилага) ташаббуси билан чиқсангизлар мен сизлардан рози бўламан. Мен Сирдарёга кўпроқ ишонаман. Нега десангизлар Сирдарёни, чўлни обод қилган боболарингиз ишини сизлар  қиласизлар. Бошқа ҳеч ким қилмайди. Илоҳим мана шундай яхши кайфиятда кўришиш кўпроқ насиб этсин. Оилавий бахт-саодат тилайман сизларга. Оилавий бахт топган мол-дунёнг эмас, ҳалол меҳнат билан топган ҳар нарсангиз. Булар одамзодга куч-қудрат беради, ишонч беради. Ана шу ишонч доим сизларга ҳамроҳ бўлади. Соғ бўлинглар»​, деб сўзларини якунлаган Шавкат Мирзиёев.

Top