Испан Мауглиси ўз тарихи билан бўлишди (суратлар)
12 йил бўрилар томонидан тарбияланган инсон бўрилар галасига қайтишни хоҳламоқда, кўнгиллилар эса унинг уйига иссиқлик тизимини ўтказиш учун пул йиғишмоқда, дея хабар беради The Daily Mail.
Маркос Родригес Пантоя 7 ёшида Испаниядаги Сьерра-Морена тоғларида бўрилар галаси томонидан қабул қилинган. У уч ёшида чўпон сифатида ўша ерга йўлланган.
Родригеснинг онаси фарзандини дунёга келтираётиб ҳаётдан кўз юмган, отаси эса бошқа бир аёл билан қочиб кетган.
Маҳаллий қариялардан бири уни оловдан фойдаланиб, идиш ясашга ўргатган, бироқ кейин у ё вафот этган, ёки болани ёлғиз қолдириб, кетиб қолган.
У тоғлардаги мева ва ўсимликларни еб кунини кўрган, кейин эса уни урғочи бўри қабул қилган. У ўз болаларини гўшт билан боққан, Родригес гўшт бўлагини ўғирламоқчи бўлган, лекин она бўри овоз чиқариб таҳдид қилган, бола ҳам ортга чекинмаган.
"Бўри ўз болаларининг қорнини тўйғизиб, менга ҳам гўшт бўлагидан ташлади. Мен унинг яна таҳдид қилишидан чўчиб, гўштга тегмадим, кейин у гўштни бурни билан мен томон суриб қўйди, - дея сўзлаб берган Маркос 2013 йилда BBC'га. - Мен уни едим ва она бўри менга ташланса керак деб ўйладим, бироқ у тилини чиқариб, мени ялай бошлади. Шундан кейин мен бўрилар галаси аъзосига айландим".
Пантоянинг айтишича, унинг қўлга ўргатилган илони ҳам бўлган, у илонни эчки сути билан сийлагани учун жонивор доим унинг изидан ҳаракатланар эди.
Маркос 19 ёшга тўлганда уни топишган. У ярим яланғоч ҳолатда югуриб юрган бўлган ва одамлар билан мулоқот қила олмаган.
Ҳозир 72 ёшли Маугли Испаниянинг Ранте шаҳрида нафақага кун кўради.
Пантоянинг айтишича, уни ғор (у ўз уйи деб ҳисоблаган жой)дан олиб кетишганидан буён унинг ҳаёти анча ёмон томонга ўзгарган, у барибир жамиятга тўлиқ мослаша олмаган.
Маркоснинг сўзларига кўра, у алдовлар, зўравонликлар қурбонига айланган, уни эксплуатация қилиб, пулини тўлашмаган.
Мауглининг таъкидлашича, унинг энг бахтли кунлари ғорда кўршапалаклар, илонлар ва кийиклар билан ўтган. У бу ҳайвонларнинг товушларини имитация қила олади.
Цивилизацияга қайтиш унинг ҳаётидаги энг қўрқинчли тажриба бўлган. У дастлаб етимхонага тушган, у ерда роҳибалар болани икки оёқда юришга ва стол атрофида овқатланишга ўргатишган.
Унинг оёқларидан йиринглар кесиб ташланганидан сўнг у муайян вақт ногиронлар аравачасида ҳаракатланишига тўғри келган. Сартарошхонага биринчи ташриф болани чўчитиб юборган - у сартарошлар меҳнат қуроли билан унинг томоғини кесишмоқчи деб ўйлаган.
Цивилизациядан олган энг даҳшатли таассуроти шовқин бўлган - машиналар, оломон...
У каравотда қандай ухлашни билмаган. Пантояга биринчи марта хона ажратилганида у ўзига полда журналлар ва адёллардан жой тайёрлаган.
Маркос тоғга қайтишга ҳаракат қилди, бироқ ўз ғорини топа олмади - унинг ўрнида электрон дарвозали коттежлар қад кўтарганди.
Бўрилар ҳам узоқ айрилиқдан кейин уни қабул қилишмади. Ҳозирда Amigos das Arbores экологик гуруҳи унга бойлер олиш ва уйига иссиқлик тизимини ўтказиш учун пул йиғмоқда. Қўшнилар Мауглини қабул қилишади, бироқ баъзилар ҳануз унинг соддалиги устидан кулишади.
"Ўйлашимча, улар менинг устимдан кулишади, чунки мен сиёсат ё футбол ҳақида ҳеч нарса билмайман", - дейди Маркос. Унинг шифокори эса эътироз билдиради: "Сиз уларнинг устидан кулинг. Улар сиздан кам билишади".
Мавзуга оид
22:15 / 22.11.2024
Испания бешта авиакомпанияни салкам 180 млн евро жаримага тортди
16:24 / 20.11.2024
Машҳур теннисчи Рафаэл Надал профессионал фаолиятини якунлади
20:54 / 19.11.2024
Испания ҳар йили 300 минг мигрантни қонунийлаштириш ниятида
21:44 / 12.11.2024