22:31 / 19.04.2018
6111

Pegasus Ўзбекистонга лоукостерлик йўналишида ўз хизматини таклиф этди

Жаҳонга машҳур Pegasus авиакомпанияси лоукостерлик йўналишида бир неча давлатларда фаолият юритиб келади. Туризмни ривожланишида муҳим ўрин тутадиган лоукостер авиакомпанияларининг хизматларидан, асосан, сайёҳлар фойдаланишади. Pegasus Ўзбекистонда ҳам лоукостер авиакомпаниясини ташкил этиш ниятида. Бу ҳақда Pegasus авиакомпанияси бошқарув кенгаши раиси Али Сабанжи ва авиакомпания президенти Меҳмет Нанелар Глобал Тадбиркорлик Конгресида иштирок этаётган Ўзбекистон Инновацион Ривожланиш вазирлиги вакиллари билан учрашув чоғида маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Суҳбат давомида Али Сабанжи тарихи бой, диққатга сазовор жойлари бисёр бўлган Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида ўз таклифларини берди. Шунингдек, Ўзбекистон Инновацион Ривожланиш Вазирлиги вакиллари Pegasus раҳбариятини Ўзбекистонга таклиф этаркан, тегишлик вазирлик, ташкилотлар билан учрашувлар ташкил этишда кўмаклашиш, бизнес таклифларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ҳамкорликка тайёр эканликларини баён қилишди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Инновацион Ривожланиш Вазирлигининг Тадқиқотлар ва давлат ҳамда жамиятга инновацияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Бекзод Ҳамзаев Pegasus раҳбарларига Ўзбекистонда янги тузилган вазирлик ҳақида маълумот бераркан, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб берди. Учрашув давомида Pegasus лоукостер компания раҳбари Али Сабанжи ва Меҳмет Нанелар Ўзбекистонда туризм ва авиакомпаниялар ривожи учун стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини ва унда фаол иштирок этишларини маълум қилишди.

Top