Жамият | 17:51 / 20.04.2018
24772
2 дақиқада ўқилади

Вагон ошхонасидаги хуфиёна маҳсулотлар нима эди?

Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товар моддий бойликларини олиб ўтиш бўйича амалдаги қонунчилик соддалаштирилди. Бироқ ушбу енгилликларни суиистеъмол қиладиган фуқаролар ҳам, афсуски, учраб турибди.

Бинобарин, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Волгоград-Тошкент” йўловчи поездининг ресторан вагони божхона кўригидан ўтказилганида, фуқаро С.Р. ва А.Т.лар томонидан вагоннинг музлаткич қисмининг орқа томонига хуфиёна тарзда яширилган жами 1300 қути “Parliament” номли тамаки маҳсулотлари ҳеч қандай ҳужжатларсиз Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига олиб келинаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Божхона ходимларининг ҳушёрлиги сабабли олғир “тамакифуруш”ларнинг қилмишлари фош этилиб, улар амалдаги қонунчилик бўйича тегишли маъмурий жавобгарликка тортилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 
6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3512 сонли Қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотларини божхона тўловларини тўламасдан олиб кириш миқдори 10 қути этиб белгиланган.
 

Мавзуга оид