Ўзбекистон | 13:30 / 22.04.2018
29222
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд узра ҳаво шарлари парвозига старт берилди (суратлар+видео)

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Аэронавтика федерацияси ҳамда тижорат банклари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида ҳаво шарлари ишга туширилди. Қўмита вакиллари KUN.UZ'га шу ҳақида хабар беришди. 

Самарқандга ташриф буюрган меҳмонлар, шунингдек маҳаллий туристлар ҳаво шарларида шаҳар узра парвоз қилишлари мумкин. Улар 100 метр баландликдан Самарқанднинг гўзал манзараларини томоша қилиб, завқ олишади. Бу эса сайёҳларга бир-биридан ажойиб суратлар олиш ва ўз вақтларини мароқли ўтказиш имконини беради.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Бундан аввал KUN.UZ'да Бухоро узра мана шундай ҳаво шарлари парвоз қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.  Энди эса уларни Самарқанд шаҳрида ҳам кўришингиз мумкин. 

Бундан ташқари, KUN.UZ'да 2018 йилда Ўзбекистонга камида яна 15 та ҳаво шари келтирилиши ҳақида хабар берилган эди.

1 март куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида Халқаро аэронавтика ассоциацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтган эди. Унда жорий йилда Ўзбекистон Швейцариянинг "Blaser Swisslube" компаниясидан камида 15 та ҳаво шарини харид қилишига келишилганди. Бу шарлар тарихий шаҳарларда хорижий сайёҳлар ва ўзбекистонликлар учун хизмат қилиши таъкидланган эди. 

"Blaser Swisslube" бошқарув раиси Питер Блазер спортнинг аэронавтика турини ривожлантириш Ўзбекистон брендининг ривожланишига ёрдам беришига ишонч билдирган эди. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

"Анчадан бери Ўзбекистонга келиш истагимиз бор эди. Ўзбекистонда бўлишдан жуда бахтиёрмиз ва ҳамкорликдаги лойиҳаларимиз асосида Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшишга умид қиламиз ва ўйлаймизки, бунинг уддасидан чиқамиз ҳам", - деган эди Питер Блазер KUN.UZ мухбирига. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Гувоҳи бўлаётганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Аэронавтика федерациясининг ҳамкорликдаги режалари бугунга келиб амалда ўз тасдиғини топмоқда.

Мавзуга оид