Жаҳон | 14:59 / 23.04.2018
14993
2 дақиқада ўқилади

Россия Сурияга С-300 «Фаворит» зенит мажмуаларини етказиб беради

Фото: ТАСС /Донат Сорокин

Россия раҳбарияти яқин вақт ичида Сурияга С-300 «Фаворит» зенит ракета мажмуалари етказиб беришни режалаштирмоқда, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

Кутилишича, бу беғараз асосда амалга оширилади ва зенит ракета мажмуаси асосида қисқа муддатларда Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа эшелонлашган тизими яратишни таъминлаши лозим. У авиация техникаси жойлаштириладиган Дамашқ ва бошқа ҳудудларни ўққа тутишдан ҳимоя қилади.

Ҳарбий-дипломатик соҳадаги манбалар хабарига кўра, Сурия армиясига зенит ракета мажмуаларини етказиб бериш тўғрисидаги масала деярли ҳал бўлиб улгурган. Ҳарбий-техник соҳадаги манба маълумотларига кўра, Сурия ҳукуматида бу турдаги янги тизимларни сотиб олишга «пул йўқ», Россия эса бу мақсадлар учун кредит расмийлаштиришни режалаштирмаяпти, шунинг учун С-300 ҳарбий-техник ёрдам доирасида тақдим этилади.

Таъкидланишича, С-300 ўрнатиладиган ерларда дастлаб россиялик ҳарбий маслаҳатчиларни ҳам жойлаштириш режалаштирилмоқда, улар суриялик мутахассислар ҳаракатларини мувофиқлаштириб боради, шунинг учун бу ерларга зарба бериш, манбалар сўзларига кўра, «барча томонлар учун ҳалокатли бўлади».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 14 апрель куни Сурияга учирилган ракеталарнинг учдан икки қисми уриб туширилганини тасдиқлаганди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид