Иқтисодиёт | 16:49 / 24.04.2018
4122
3 дақиқада ўқилади

Давлат харидлари соҳасидаги вакиллик органи айнан нималар билан шуғулланади?

“ЎзРТХБ” АЖ марказий биносида Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан ҳамкорликда давлат харидлари бўйича семинар ташкил этилди. Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг мазмун ва моҳияти ҳақида тушунча беришдир, деб хабар қилмоқда "ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати.

Тадбирда электрон давлат харидларини потенциал етказиб берувчилар бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари иштирок этдилар.

Фото: "ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Семинарда давлат харидлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги вакиллик органи эканлиги таъкидланди. Агентлик давлат харидлари соҳасида давлат сиёсатини олиб боради, шунингдек, давлат харидларининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга имкон берувчи махсус ахборот портал операторини белгилаб беради. Порталга давлат харидлари бўйича барча эълонлар жойлаштирилади ва электрон дўкон ҳамда бошланғич нархнинг пасайиб боришига йўналтирилган аукцион амалга оширилади.

Фото: "ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Янги қонунни муҳокама қилиш чоғида давлат харидлари бўйича яратилган электрон савдо тизимининг демо, яъни синов дастури тақдим этилди. Синов тариқасида етказиб берувчиларни аккредитация қилиш жараёни, электрон дўконга талабнома жойлаштириш методикаси ва бошланғич нархнинг пасайиб боришига йўналтирилган аукционда иштирок этиш тартиби намойиш этилди. Шартнома мажбуриятларини ижро этиш бўйича кафолатни таъминлаш ва харидларни амалга оширувчи иштирокчилар ўртасидаги ҳисоб-китобни олиб бориш соҳасига киритилган янгиликлар батафсил ўрганиб чиқилди.

Фото: "ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Янги механизмни ишлаб чиқиш жараёнида давлат харидларини етказиб берувчилар ҳамда буюртмачиларга имкон борича қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, улар қоғоз форматдаги келишувларни имзолашни талаб қилмайдиган электрон рақамли имзо ёрдамида электрон харидларда иштирок этишлари мумкин. Ғолибни аниқлаш ҳам инсон омилининг аралашувисиз автоматик тизим асосида амалга оширилади.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид