18:45 / 27.03.2023
20742

Февраль ойида давлат харидларини амалга оширишда 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган

12 та давлат хариди бекор қилинган ҳамда 7 та маъмурий иш қўзғатилган.

2023 йилнинг февраль ойида айрим давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга оширишда жами 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, вазирлик ва идоралар томонидан 2023 йилнинг февраль ойида жами 4,35 трлн сўмлик 77 411 та давлат харидлари амалга оширилган бўлиб, шундан 234,2 млрд сўмлик 39 006 та харидлар электрон дўкон, 25,5 млрд сўмлик 1 895 та харидлар электрон аукцион, 203 млрд сўмлик 2 103 та харидлар энг яхши таклифни танлаш, 107,5 млрд. сўмлик 521 та харид тендер, 1,5 трлн сўмлик 9 989 та харидлар ягона етказиб берувчилар билан, 2,28 трлн сўмлик 23 897 та харидлар тўғридан-тўғри шаклда амалга оширилган.

Шунингдек, айрим давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга оширишда 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда келгусида шу каби ҳолатларга йўл қўймаслик ҳақида буюртмачиларга 26 та тақдимнома, шунингдек, аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Хусусан, «Uzbekistan Airports» АЖ буюртмачилигида 2023 йил 7 февраль куни 4,3 млрд сўмга жиҳозлар харид қилиш бўйича ўтказилган давлат хариди ўрганилганда «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддаси талабига зид равишда давлат харидлари жараёнида иштирокчиларга рақобатни чекловчи шартлар киритилгани аниқланган.

Шу каби «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Хоразм ҳудудий филиали буюртмачилигидаги 2023 йил 10 февраль куни 2,6 млрд сўмга «Темир-бетон устун» харид қилиш бўйича ўтказилган давлат хариди ўрганилганда «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 10-, 14- ва 46-моддалари талаблари бузилганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигидаги 2023 йил 10 февраль куни 796 млн сўмга тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш бўйича ўтказилган давлат харидида аффилланганлик ҳолатларига баҳо берилмагани аниқланган.

Мазкур ҳолатларда харид комиссияси томонидан ўзаро аффилланган иштирокчилар харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатилмасдан «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддаси ва «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддаси талаблари бузилган.

Агентлик томонидан киритилган тақдимнома ва сўровномалар натижасида 12 та давлат хариди бекор қилинган ҳамда 7 та маъмурий иш қўзғатилган.

Top