Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК янги ўқув йили учун ўқув қуроллари харид қилиш мақсадида 12 та тендер ўтказди.
Бу ўқув қуроллари катта эҳтимол билан “Президент совғаси” сифатида 1-синф ўқувчиларига тақдим этилади.

Очиқ манбалардаги айрим фактлар мазкур тендерларнинг адолатли ўтганини шубҳа остига қўяди.
Жумладан, тендерларнинг баъзиларини белгиланган товар учун арзон нарх таклиф қилган фирма қолиб, фаолият тури мутлақо бошқа бўлган фирма жуда катта фарқдаги қиммат нарх билан ютиб кетган.
1-ҳолат. Қарийб 2,7 млрд сўм зарар
3 та маҳсулот – 796 224 дона ручка, 748 776 дона клей ҳамда 1 481 672 дона ўчирғич учун 5 млрд 441 млн сўм бошланғич нарх билан танлов эълон қилинган. Танловда “Maishiy Xamroh” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у билан 5 млрд 329 млн сўмга шартнома тузилган.



Аммо танловда қатнашган “Deli Torg” фирмаси бу маҳсулотларни 2 млрд 638 млн сўмга етказиб беришни таклиф қилган. Жумладан, “Deli Torg” фирмаси 1 дона ўчирғични 550 сўмдан (тендердаги бошланғич нарх 1000 сўм), клейни 1850 сўмдан (тендердаги бошланғич нарх 4300 сўм), ручкани 550 сўмдан (тендердаги бошланғич нарх 930 сўм) етказиб беришини билдирган.



1 дона ўчирғични 980 сўмдан, ручкани 911 сўмдан ҳамда клейни 4210 сўмдан таклиф қилган “Maishiy Xamroh” МЧЖ тендер ғолиби бўлган. Суммалар ўртасидаги фарқ қарийб 2,7 млрд сўм. Яъни буюртмачи негадир тендерга қўйилган товарларни 2,7 млрд сўм қиммат нархда харид қилишга қарор қилган.






















