Ўзбекистон | 17:07 / 25.04.2018
21889
2 дақиқада ўқилади

«Hi-tech bank» мутасаддиларини 500 минг долларга «ухлатган» шахслар ушланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан жиноий ишлар тергов қилинмоқда, унинг давомида гувоҳлар ва жабрланувчилар ҳам таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуроратура сайтида хабар қилинган.

Қайд этилишича, 2018 йилнинг 22 апрель куни Бош прокуратура томонидан фуқаро А.Саркисян қўлга олинган, у айбланувчи Я.М.нинг 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштирган. Ушбу шахс айбланувчини гўёки мансабдор шахсларга пора бериш сабаби билан жавобгарликка тортилмаслигини таъминлаши керак бўлган.

Шунингдек, фуқаролар С.Александров ва Е.Фозилов ҳам қўлга олинган. Улар «Hi-tech bank» мансабдор шахслари Л.З. ва У.И.дан текширишларда аниқланган камчиликларни камайтириб кўрсатиш ҳамда уларга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш чорасини қўлламасдан енгиллик бериш учун фирибгарлик йўли билан 500 минг доллар пул олган. 

Фото: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

2016-2017 йилларда Ф.Андреев, Р.Рафиков, Д.Машковский учта жиноий иш бўйича айбланувчиларнинг яқин қариндошлари ишончига кириб, уларга жиноий жавобгарликдан озод қилиш ва оқлов ҳақида ваъда бериб, уларни алдаб, бунинг учун гўёки мансабдор шахсларга 150 минг АҚШ доллари миқдорида пора бериш кераклигини айтишган. Улар фириб йўли билан умумий ҳисобда 50 минг АҚШ доллари ва тахминан 20 млн сўмни олган.

“Ҳурматли фуқаролар, жиноий ишларга алоқадор шахслар қариндошлари ва яқинлари, ушбу кўрсатилган салбий фактларни инобатга олган ҳолда, Бош прокуратура сизни ҳушёрликка, ёлғон ваъдаларга ишонмасликка чақиради ва бундай ҳолатлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига хабар беришни сўрайди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, тергов манфаатлари туфайли юқоридаги шахсларнинг исм-фамилиялари ўзгартирилган.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид