Ўзбекистон | 16:25 / 26.12.2022
13355
3 дақиқада ўқилади

“Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank”нинг лицензияси қайтариб берилиши айтилмоқда

Марказий банк ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабарга изоҳ бермади. Kun.uz манбаси хабарни тасдиқлади. Лицензиялари бекор қилингач “Туркистонбанк"нинг  368 млрд атрофида, “Hi-tech bank"нинг эса тахминан 5 млрд сўм аҳолидан қарздорлиги давлат ҳисобидан қайтарилган. 

Фото: Туркистонбанк

Телеграмдаги “Муттаҳам банкирлар” канали лицензиялари чақириб олинган “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank”нинг лицензияси қайтариб берилиши ҳақида ёзди

Kun.uz бу борада Марказий банкдан изоҳ сўради, регулятор “ўрганиш ўтказилаётганини” айтди. 

Kun.uz манбаси бу хабарнинг тўғрилигини тасдиқлади. 

2022 йилнинг октябрь ойида Марказий банкнинг тегишли қарори билан “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank”дан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар олиб қўйилиб, банкларни тугатиш тўғрисида комиссия тайинлаганди. 

Иккала банк томонидан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 54- ва 77-моддаларида белгиланган қоидабузарликлар содир этилган ва лицензияси олиб қўйилишига қуйидаги сабаблар келтирилган:

  • банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарлича захира мавжуд эмаслиги;
  • регулятив капиталининг эллик фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўргани;
  • банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани;
  • бухгалтерия ҳисобининг ҳисоботга оид маълумотлар бузилишига олиб келадиган ва банкнинг ҳақиқий молиявий аҳволини акс эттириш имконини бермайдиган қоидабузарликлар билан юритилгани;
  • банк фаолиятидаги қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги Марказий банк кўрсатмаларининг белгиланган муддатда бажарилмагани;
  • жиддий қоидабузарлик учун Марказий банк томонидан жарима қўлланганидан кейин худди шундай қоидабузарлик такроран содир этилгани сабабли “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ Марказий банк бошқаруви ушбу қарорни қабул қилган.

Шундан сўнг, 27 октябрдаги матбуот анжуманида регулятор раҳбари “Туркистонбанк"да аҳолининг 368 млрд атрофида, “Hi-tech bank"да эса тахминан 5 млрд сўм маблағлари борлигини маълум қилди

У мазкур банклар омонатчиларининг маблағлари ёпилган кунгача ҳисобланган фоизлари билан 100% қайтарилишини қўшимча қилганди. 

“Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Қонунда аҳолига омонат маблағларини қайтариш Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан ушбу қонунда белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган. 

Аҳолининг икки банкдаги ҳужжатлари ва омонатлари “Қишлоққурилишбанк"га ўтказилганди. 

Яъни қонунбузилиш ҳолатлари учун лицензиялари қайтариб олинган банкларнинг зарари давлат зиммасига тушган. 

21 ноябрь куни регулятор ”Туркистонбанк” омонатчиларининг маблағлари муддатидан аввал қайтарилишини маълум қилди

Мавзуга оид