Ўзбекистон | 11:20 / 07.10.2022
13688
3 дақиқада ўқилади

Туркистонбанк ва Hi-tech bank'нинг лицензияси бекор қилинди

Марказий банкнинг тегишли қарори билан Туркистонбанк ва Hi-tech bank'дан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар олиб қўйилди. Шунингдек, банкларни тугатиш комиссияси таркиби тайинланди.  

Фото: Туркистонбанк

Марказий банк бошқарувининг 2022 йил 7 октябрдаги йиғилишида Туркистонбанк ва Hi-tech bank'нинг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Иккала банк томонидан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 54- ва 77-моддаларида белгиланган қоидабузарликлар содир этилган ва лицензияси олиб қўйилишига қуйидаги сабаблар келтирилган:

  • банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарлича захира мавжуд эмаслиги;
  • регулятив капиталининг эллик фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўргани;
  • банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани;
  • бухгалтерия ҳисобининг ҳисоботга оид маълумотлар бузилишига олиб келадиган ва банкнинг ҳақиқий молиявий аҳволини акс эттириш имконини бермайдиган қоидабузарликлар билан юритилгани;
  • банк фаолиятидаги қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги Марказий банк кўрсатмаларининг белгиланган муддатда бажарилмагани;
  • жиддий қоидабузарлик учун Марказий банк томонидан жарима қўлланганидан кейин худди шундай қоидабузарлик такроран содир этилгани сабабли “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ Марказий банк бошқаруви ушбу қарорни қабул қилган.

Қайд этилишича, Туркистонбанк активлар ҳажми бўйича республика банк тизимида 26-ўринни, Hi-tech bank эса 29-ўринни эгаллаган.

Марказий банк бошқарувининг юқорида келтирилган қарорига асосан иккала банкни тугатиш комиссияси таркиби тайинланган ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунга асосан банк ишларини бошқариш бўйича, шу жумладан, банк акциядорларининг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва бошқаруви ваколатлари ушбу комиссияга ўтган.

«Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ аҳолининг банклардаги омонатлари Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ кафолатлангани муносабати билан Туркистонбанк омонатчиларининг барча маблағлари, биринчи навбатда, 2 ойдан сўнг тўлиқ қайтарилади. Аҳолига омонат маблағларини қайтариш Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан ушбу қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади», дейилади Марказий банк хабарида.  

Мавзуга оид