Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида “Электрон жиноят иши” лойиҳаси амалга оширилади
Тошкентнинг икки туманида 1 декабрга қадар илк электрон жиноят ишларни татбиқ этиш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси билан назарда тутилган.
Суд-тергов фаолиятига замонавий АКТ жорий этилишининг паст даражаси суд-тергов амалиётидаги муаммолардан бири сифатида кўрсатилади.
Бош прокуратура қуйидагиларни таклиф қилган:
2018 йилнинг 1 декабрига қадар Тошкентнинг Яккасарой ва Миробод туманларида “Электрон жиноят иши” синов лойиҳасини ишга тушириш;
2019 йилнинг 1 октябрига қадар синов лойиҳаси натижалари бўйича жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифларни киритиш.
Синов лойиҳаси доирасида ҳужжатларнинг ҳам қоғозли, ҳам электрон шакли фойдаланилади.
Иш ўринлари жиҳозланиши ва ички локал-ҳисоблаш тармоқларини яратиш тегишли вазирлик ва идоралар – синов лойиҳаси иштирокчиларининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
“Ўзбектелеком” Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фонди маблағлари ҳисобидан алоқа каналлари билан таъминлаши керак.
“Электрон жиноят иши” тизими амалдаги ахборот тизимлари ва синов лойиҳаси иштирокчилари ресурслари билан интеграция қилинади.